ЖИНОИЙ ЖАЗОНИНГ МАҚСАДИ – ЖКнинг 42-м.га кўра, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Тарбиялаш жазонинг алоҳида мақсади сифатида жиноят содир этган шахсга жазо қўллаш орқали унда қонунга риоя этувчи ҳулқ–атворни инсонларга, жамиятга, турмуш нормалари ва анъаналарига хурмат б-н муносабатда бўлишни шакллантиришга хизмат қилади. Жиноий фаолиятнинг давом этишига тўсқинлик қилиш жазонинг махсус мақсади сифатида шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мол-мулкни, табиатни, тинчликни, инсониятнинг хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоя этувчи қонун вазифаларининг қисман кўриниши ҳисобланади. Жазони қўллаш орқали жиноий фаолиятни давом этишига тўсқинлик қилиш ушбу фаолиятни нафақат судланувчи, балки у б-н бирга жиноий фаолиятни амалга оширган бошқа шахслар томонидан ҳам давом этишига чек қўяди (ЖК 42-м.). (муал. – Б.Ахроров)