ЖИНОЯТНИНГ КРИМИНАЛИСТИК ТАВСИФИ – жиноят тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган ижтимоий ҳавфли, ғайриҳуқуқий қилмишнинг кўриб чиқилаётган тури, айрим ҳолатлари тўғрисида далилий маълумотлар ва уларга асосланган илмий–назарий хулосалар, тавсиялар тизими.
Жиноий ишнинг текширилиши унинг тавсифини аниқлаб олишдан бошланади: жиноят тўғрисидаги бошланғич ахборот, содир қилган шахс ҳақидаги маълумотлар, жиноий ҳаракатнинг нимага ёки кимга қарши қаратилганлиги, содир қилиш усули, ишлатилган қурол ва б. умум тавсифлаш тизимини ташкил қилади. Муайян жиноятни тергов қилишда унинг криминалистик тавсифи жиноятнинг турига, таснифига, элементларига ва б. ҳолатларининг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ равишда аниқланади ва терговни, тезкор–қидирувни тўғри ташкил қилиш ва олиб боришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. (муал. – А.Норбоев)