ЖИНОЯТЧИ ШАХСИ – жиноят содир этган шахсга хос салбий ижтимоий аҳамиятга эга бўлган сифатлар, ташқи шарт-шароитлар б-н боғлиқ хулқи жиноятчи шахсининг умумижтимоий ва жиноят ҳуқуқий мазмунининг тушунчасида ўзаро алоқадорлик мавжуд. Ҳар қандай шахсда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган сифатлар, табиат ва жамиятдаги шарт-шароитлар ўз аксини топган бўлади. Жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан фақат жиноятни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахсни жиноятчи деб ҳисоблаш мумкин. Жиноятчи шахсининг тузилиши: биофизиологик, ижтимоий–демографик, руҳий, маънавий мақоми, жиноят–ҳуқуқий ва криминологик белгилардан иборат. Шахснинг биофизиологик белгиларига унинг жинси, ёши, соғлиғининг даражаси, жисмоний тузилишининг хусусиятлари, руҳиятининг табиий сифатлари ва ҳ.к. киради. Ижтимоий-демографик белгилар шахснинг жинси, ёши, маълумоти, ижтимоий келиб чиқиши ва мақоми, шуғулланаётган иши, миллати ва касби, оилавий аҳволи, моддий жиҳатдан таъминланганлик даражаси, ш. ёки қишлоқ аҳолисига мансублиги ва ҳ.к.ни ўз ичига олади. Жиноятчиларнинг ёши б-н боғлиқ хусусиятларини ўрганиш турли ёшдаги шахсларнинг криминоген фаоллигининг даражаси ва жиноий хулқининг хусусиятларини аниқлаш имконини беради. Жиноятчи шахсининг маънавий ва интеллектуал даражаси эса жиноятнинг хусусиятини белгилайди. Ижтимоий фойдали меҳнат б-н шуғулланмайдиган шахслар энг криминоген ижтимоий гуруҳ ҳисобланади. Улар барча жиноятчиларнинг 1/3 қисмини ташкил этади. Шунингдек, шахснинг оилавий аҳволи, моддий жиҳатдан таъминланганлик даражаси, турар жойи ва ҳ.к. ҳам криминологик аҳамиятга эгадир. Жиноятчи шахснинг маънавий ва руҳий тавсифи унинг ички дунёсини, дунёқараши, маънавияти, қадриятларга бўлган муносабати, эътиқоди ва ҳ.к. кўрсатади. Жиноятчи шахсига тавсиф бериш учун унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва мавқеи муҳим аҳамият касб этади. Шахснинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни деганда, аниқ одамнинг ижтимоий муносабатлардаги ўрни, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги, ижтимоий вазифалари, ҳаётдаги ўрни, бурч ва ҳуқуқлари б-н боғлиқдир. Ҳар бир шахсда унинг ижтимоий мавқеига мос равишда маълум бир хулқ ва хатти-ҳаракат тарзи шаклланади. Шахснинг ижтимоий вазифаларини бажармаслиги шахс ва жамият ёки шахс ва унинг атрофидагилар б-н зиддиятларни вужудга келтириш мумкин. Жиноятчи шахсини баҳолашда унинг жиноят ҳуқуқий ва криминологик тавсифлари, ижтимоий деформацияси даражаси ҳам акс этади. (муал. – С.Ниёзова)