ЖИНОЯТЧИ ШАХСИНИНГ ИЖТИМОИЙ ДЕМОГРАФИК ТАВСИФИ – шахс шаклланган муҳит унинг ҳаётий фаолияти, эҳтиёжлари ва мотивацияси (хоҳиш, истаклари) б-н боғлиқдир. Шу сабабдан ҳам ижтимоий демографик сифатларни ўрганиш жиноятчи шахсини тушунишининг муҳим элементи ҳисобланади ва профилактика чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда қўллашда муҳим аҳамият касб этади. Жиноятчилар ўртасида аёллар ва эркакларнинг нисбати уртача 1:10 ни ташкил этади. Сўнгги й.ларда аёллар жиноятчилигининг кўпаётганлиги кузатилмоқда, 2005 й.да аёллар томонидан содир этилган рўйхатга олинган жиноятлар умумий жиноятчиликнинг 12,5% ни ташкил этди. 2001 й.да жавобгарликка тортилган аёлларнинг ҳиссаси савдо, маиший хизмат кўрсатиш соҳасида анча кўп бўлгани ҳолда, безорилик, одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятларини содир этганлар орасида жуда кам эди. Сўнгги й.ларда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф муомаласи учун судланганлар орасида аёлларнинг ҳиссаси кўпайиб бормоқда. Жиноятчиликда турли ёшдаги шахсларнинг нисбатини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, энг кўп жиноятлар 25–29 ёшлилар, кейин эса 18–24; 14–17; 30–40 ёшлилар томонидан содир этилар экан. Жиноятчилардан 50 ёшлилар жуда камчиликни ташкил этади. Айтиш мумкинки, кўп жиноятлар ёш шахслар томонидан содир этилади. Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳам кўпайиб бормоқда, 2005 й.даги маълумотларга кўра, вояга етмаганлар жиноятчилиги умумий жиноятчиликнинг 4,2% бўлган. Жиноят содир этган шахсларнинг маълумот даражаси ҳам криминологик аҳамият касб этади, чунки уларнинг маълумоти шахснинг маданияти, ижтимоий аҳволи, муносабатлар, алоқалари доираси, ҳаётдаги режалари ва уларнинг амалга оширилиши б-н боғлиқдир. Жиноятчилар умумий маълумотининг даражаси қонунга риоя қилувчи фуқароларникидан пастроқ. Турли гуруҳга мансуб бўлган жиноятчиларнинг маълумот даражасида жуда катта фарқлар мавжуд. Зўрлик ишлатиб содир қилинадиган жиноятлар (қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга шикаст етказиш) нинг, ғаразли мақсадларда зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар: талончилик, босқинчилик ва ўғрилик “муаллифлари”нинг маълумоти энг паст даражададир. Ўзлаштириш ва растрата, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли б-н мулкни талон–тарож қилиш, мансабдорлик ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни содир этган шахсларнинг маълумоти юқори даражададир. Оилавий аҳвол ва унинг ўзгариши ҳам жиноятларни содир этган шахсларнинг шахсий хусусиятлари шаклланишига ўз таъсирини кўрсатади. Оиланинг муайян даражада жиноий хулқнинг йўналиши ва барқарорлигига таъсири бўлади. Криминологияда оилавий тарбиянинг вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг шаклланиши, оилавий келишмовчиликларнинг маиший жиноятчиликка таъсири кўпроқ ўрганилган. Умуман, оилали шахслар томонидан бўйдоқлар ва бир ўзи турадиганларда нисбатан камроқ жиноят содир этилади. Кўп ҳолларда оила ижтимоий назорат функциясини бажаради. Жиноятчиларни ижтимоий аҳволи ва бажараётган ишига кўра тавсифлайдиган бўлсак, улар орасида ҳеч қандай иш б-н шуғулланмайдиганларнинг ҳиссаси кўпдир. (муал. – С.Ниёзова)