ЖИНОЯТЧИЛИК ДИНАМИКАСИ – муайян вақт (кун, ой, й.) мобайнида жиноятчиликнинг даражаси ва тузилишидаги ўзгаришларни акс эттирувчи кўрсаткич. Ижтимоий–ҳуқуқий ҳодиса сифатида Ж.д.га 2 гуруҳдаги омиллар таъсир кўрсатади. Биринчиси, жиноятчиликка таъсир кўрсатувчи жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитлари, аҳолининг демографик тузилиши ва б. ижтимоий жараён ва ҳодисалар. Иккинчиси эса, жиноят ва жазолар турини кенгайтирадиган ёки торайтирадиган, жиноятлар классификациясини ўзгартирувчи жиноят қонунларининг ўзгариши. Ж.д.даги ўзгаришлар ва уни реал прогнозлаш учун Ж.д.га таъсир кўрсатувчи омиллар ижтимоий ва ҳуқуқий омилларга ажратилади. Жиноятчиликнинг камайиши ёки ўсиши унинг мавжуд ижтимоий шарт-шароитлар; қонундаги ўзгаришлар, уларнинг тўла рўйхатга олиниши ва ҳ.к. Ж.д.даги статистик маълумотлар содир қилинган жиноятларнинг ўз вақтида аниқланиши ва рўйхатга олиниши, уларнинг очилиши ва айбдорларнинг топилиши, жазонинг муқаррарлиги қай даражада таъминланганлиги б-н ҳам боғлиқдир. (муал. – С.Ниёзова)