ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ТУЗИЛМАВИЙ ТАҲЛИЛИ – жиноятчилик тузилиши– жиноятчиликнинг кўп қиррали кўрсаткичи ҳисобланиб, у орқали жиноятчиликни ҳар томонлама ва тўлиқ тавсифлаш имконияти туғилади. Ж.т.т ни турли йўналишларда амалга ошириш мумкин: оғирлик даражасига кўра (унчалик оғир бўлмаган, оғир, ўта оғир); айб шаклига кўра (қасд, эҳтиётсизлик); жиноятчилик турларига (гуруҳларига) кўра (соғлиққа, ҳаётга ёки иқтисодиётга қарши қаратилган жиноятлар); алоҳида жиноят турларига кўра (одам ўлдириш, безорилик, ўғрилик); жиноятнинг уюшганлик даражасига кўра (жиноий гуруҳ, жиноий уюшма); мотивнинг характерига кўра (ғараз, мажбурлаш); жиноятнинг барқарорлик даражасига кўра (оддий, рецидив); ижтимоий йўналтирилганлигига кўра (шахсий, мулкий ёки давлат ва жамоат манфаатларига қарши); жиноят субъектининг профессионал маҳоратига кўра; жиноят субъектининг жиноятни содир этаётган пайтдаги руҳий ҳолатига кўра (хушёр бўлмаган ҳолда содир этилган жиноятлар миқдори). Бу жиҳатлар ҳаётда хилма-хил. Ж.т.т. йўналишлари тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларига боғлиқ. Жиноятнинг тавсифи уни содир этган шахснинг тавсифи б-н жуда боғлиқ. Шунга кўра, Ж.т.т. уни содир этган шахснинг тузилмавий таҳлили б-н тўлдирилади. Анъанавий равишда, криминологияда жиноят содир этган шахсларнинг қуйидаги жиҳатларига кўра нисбати ўрганилади: жинси, ёши, ижтимоий ҳолати, ўтроқлиги, маълумоти, фуқаролиги, даромад манбаи, ўтмиши (муқаддам жиноий жавобгарлик ёки жазога тортилганми, йўқми) ва ҳ.к. (муал. – К.Пайзуллаев)