ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС – Қорақалпоғистон Конс.нинг 68-м.га биноан Қорақалпоғистон Республикаси Ж.К. Олий давлат ҳокимияти органи бўлиб ҳисобланади. Ж.К. Парламентдир. Ж.К. ҳудудий сайлов округларидан кўппартиявийлик асосида 5 й. муддатга сайланадиган 86 депутатдан иборат. Ж.К.нинг ҳуқуқий мақоми (статуси) Конс. ва Қорақалпоғистон Республикаси Ж.К. тўғрисидаги 1998 й. 28 янв.да янги таҳририда қабул қилинган Қорақалпоғистоннинг Конституциявий қонунларида аниқ белгиланган. 1996 й. 11 янв.да Ж.К.нинг биринчи чақириқ биринчи сессиясида Жўқорғи Кенгес раиси, унинг ўринбосарлари, мандат комиссияси, қўмита раислари ва аъзолари сайланди. Ҳозирда Ж.К.да 5 қўмита, 1 комиссия, 3 фракция мавжуд. Қўмита ва комиссияларининг фаолияти 1998 й. 29 янв.да янги таҳририда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва комиссиялари тўғрисида»ги Қонун б-н тартибга солинади. Қорақалпоғистон ҳалқи номидан фақат у сайлаган Ж.К. иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон – бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Қорақалпоғистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас. Ж.К. Республика Вазирлар Кенгаши б-н биргаликда 1924 й. ноя.дан бошлаб чиқаётган “Еркин Қарақалпақстан”, 1919 й. июнидан бошлаб чиқаётган “Вести Каракалпакстана” ҳамда 1992 й. 25 июлдан чиқа бошлаган “АМУ тонги” номли расмий нашрларига эга. Ж.К.нинг мутлақ ваколатлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-м.га мувофиқ: Ж.К. Қорақалпоғистон Республикаси Конс.ни қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; қонунлар қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, республика Конституциясига шарҳ бериш ҳуқуқига эга. Ж.К.нинг мутлақ ваколатлари қаторида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг давлат стратегик йўналишларини қабул қилиш; шунингдек, республикада давлат ҳокимияти органларининг раҳбарларини, ўринбосарларини ҳамда мансабдор шахсларни лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш ва Конституцияда назарда тутилган бошқа давлат ваколатларини амалга оширади. Ж.К. раиси Қорақалпоғистон Республикасининг энг юқори лавозимли шахси бўлиб ҳисобланади. Ж.К.нинг Президиуми Ж.К. фаолиятини ташкил этиш ва б. давлат ваколатларини амалга ошириш учун тузилади, унинг таркибига Ж.К. раиси, унинг ўринбосарлари, Жўқорғи Кенгес Қўмиталари ва комиссияларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия гуруҳларининг раислари киради (ЎзР Конс. 84-м.). (муал. – С.Хидиров)