Yangi hujjatlar

ЗЎРЛИК ИШЛАТИБ ЖИНОЯТ СОДИР ЭТУВЧИЛАРНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ

ЗЎРЛИК ИШЛАТИБ ЖИНОЯТ СОДИР ЭТУВЧИЛАРНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ – ижтимоий хулқ–атворининг хусусиятига қараб зўрлик ишлатиб жиноят содир этувчи шахслар уч асосий типга ажратилади. Биринчи типга ғайриижтимоий хулқ–атвори тажовузкорлик ва зўрлик ишлатишга қатъий мойил бўлган жиноятчилар киради. Уларга инсоннинг шахсига нисбатан салбий–беписанд муносабат, мавжуд низоларни зўрлик ишлатиб ҳал қилиш мумкинлигига ишонч туйғуси хос. Бундай хулқ–атвор стереотипи – мазкур жиноятчилар шахсининг чуқур деформациялашуви натижаси, эгоцентрик турмуш тарзининг ўзига хос маҳсулидир. Содир этилган жиноятлар учун жазога ҳукм этилганлар орасида бундай шахслар 45–55% ни ташкил қилади. Зўрлик ишлатиб жиноят содир этувчи шахсларнинг иккинчи типига салбий деб тавсифланувчи, аввал ҳам ҳар хил ҳуқуқбузарликлар содир этган, аммо шахсга қарши тажовуз қилишга қатъий мойил бўлмаган жиноятчилар киради. Зўрлик ишлатиб жиноят содир этиш улар учун ўта муҳим мақсадларга эришиш воситаси, маълум неъматларни қўлга киритиш усулига айланади. Кўриб чиқилаётган жиноятлар учун ҳукм этилганларнинг умумий сонида бундай шахслар қарийб 20% ни ташкил қилади. Учинчи типга жиноятга қадар ижобий ёки нейтрал тавсифланган, жиноий тажовузни эса салбий ташқи вазият таъсирида биринчи марта содир этган маҳкумларни киритиш лозим. Уларнинг хулқ–атворида олдинги икки тип вакилларига хос бўлган аломатлар мавжуд эмас. Улар вужудга келган вазиятга жавоб тариқасида зўрлик ишлатадилар. Маҳкумлар орасида бундай шахслар қарийб 30% ни ташкил қилади. Зўрлик ишлатиб жиноят содир этувчилар ва безорилик хатти–ҳаракатларига йўл қўювчи шахсларнинг кўпчилиги эркаклардир (90–93%). Бу эркакларга хос ижтимоий роллар ҳамда жинсларнинг психофизик хусусиятлари б–н изоҳланади. Эркаклар кўпинча тасодифий компанияларга тушиб қолиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш натижасида зўрлик ишлатиш ёки безорилик жиноятини содир этадилар. Эркаклар ва хотин–қизлар томонидан зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг сабабларида ҳам фарқлар мавжуд. Хотин–қизлар кўпинча рашк, ҳасад, ўч олиш, жабрланувчидан қутулиш ва бошқа шунга ўхшаш мақсадларга кўра жиноят содир этадилар. Хотин–қизлар томонидан зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг аксариятига жабрланувчининг виктим хулқ–атвори сабаб бўлади. Сўнгги йилларда безорилик оқибатида ёки тамагирлик ниятида одам ўлдириш жиноятларида хотин–қизларнинг салмоғи кўпайиб бораётгани, улар томонидан ўта шафқатсизлик б–н содир этилган жиноятлар сони ортгани қайд этилмоқда. Зўрлик ишлатиб жиноят содир этувчи шахслар ва безориларнинг асосий кўпчилигини ёш ва ўрта ёшли (40 ёшгача) шахслар ташкил этади. Энг юқори жиноий фаоллик 25–29 ёшдаги шахслар гуруҳига хосдир. Жиноий фаолликнинг даражаси жиҳатидан кейинги ўринларни 18–24 ёшли, 30–39 ёшли ва 16–17 ёшли гуруҳлар эгаллайди. Одатда ўсмирлар ва ёшлар ҳаддан ташқари ишонувчан, бунинг устига уларнинг иродаси яхши ривожланмаган бўлади, шунинг учун ҳам улар ғайриижтимоий элементларнинг зарарли таъсирига жуда осон берилади. Зўрлик ишлатиб жиноят содир этиш ва безориликда айбдор шахслар маълумоти даражасига қараб қуйидагича тақсимланади: умумий ўрта маълумотлилар – 70%; ўрта махсус маълумотлилар – 15%; олий маълумотлилар – 2%.

З.и.ж.с.э. шахсларни аниқлаш, уларга бериладиган жазо меъёрини тўғри белгилаш, жазони ўташ жараёнида тарбиявий ишларнинг мезонини тўғри қўллаш, ниҳоят, улар жазони ўтиб бўлганидан сўнг яна зўрлик ишлатиб содир этиши эҳтимол бўлган жиноятларнинг олдини олиш чораларини кўришни осонлаштиради.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига