ИДОРАЛАРГА ҚАРАШЛИ УЙЛАР – корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, вазирлик ҳамда идоралар тасарруфида бўлган турар–жой фонди. Мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган турар–жойларни хусусийлаштириш жараёни корхона ва ташкилотларга қарашли уй–жой биноларининг асосий қисмини фуқароларга хусусий мулк қилиб берилишига олиб келди. Шунга қарамасдан хозирги пайтда ҳам муайян корхона ва ташкилотлар, идоралар қарамоғида идоравий турар–жой бинолари сақланиб қолмоқда. Бундай турар–жой фондларининг ҳуқуқий режими ЎзР Уй–жой кодекси ҳамда унга мувофиқ қабўл қилинган қонун хужатлари б–н бир қаторда корхона ва ташкилотларнинг ўзлари томонидан қабул қилинган локал норматив ҳужжатлар б–н ҳам тартибга солинади. И.қ.у. қоида тариқасида мазкур корхона б–н меҳнат муносабатида бўлган ходимларга берилади ва улар томонидан корхона б–н меҳнат муносабатларини тўхтатилиши идоравий турар–жойни одатда бошқа турар–жой берилмай қайтариб олинишига сабаб бўлади. И.қ.у.лардан фойдаланиш қоидалари амалдаги уй–жой қонунчилигини эътиборга олиб, И.қ.у.нинг эгалари бўлган корхона – иш берувчи томонидан ходимлар вакиллик органи б–н келишгани холда ишлаб чиқилади ва жорий этилади.