ИККИ ПАЛАТАЛИ ПАРЛАМЕНТ (бикамерализм) – умуммиллий вакиллик муассасалари – парламентлар тузилмаси, И.п.п. қоидага кўра турлича шакллантириладиган ва турли ваколатларга эга бўлган икки палатадан иборат бўлади. Тарихан қуйи палата анъанавий тарзда анча демократикроқ ҳисобланган. Шунинг учун аристократлар манфаатини ифодалаши, қуйи палата муносабатида тормоз ролини ўйнаши лозим бўлган юқори палата унга қарши қўйилган. Ҳозирги кунда икки палатали тизим ҳам федератив, ҳам унитар давлатларда мавжуд. Парламентнинг қуйи палатани доимо бевосита аҳоли сайлаган. Юқори палата турли усулларда шакллантирилади: билвосита сайловлар йўли б–н (Франция, Австрия, ГФР) ёки бевосита сайловлар тартибида (АҚШ, Италия, Австралия, Япония). Айрим мамлакатларда юқори палата ворислик бўйича (Буюк Британия) шакллантирилади ёки уларни давлат бошлиғи тайинлайди (Канада). Баъзи юқори палата аралаш усулда шакллантирилади: аъзоларнинг бир қисми сайланади, яна бир қисми тайинланади, қолган ўринлар ворислик бўйича эгалланади (Непал). Айрим мамлакатларда юқори палата учун ваколат муддати белгиланмаган, уларнинг таркиби қисман янгиланади (АҚШ, Аргентина, Франция ва бошқалар). Бу юқори палата учун жиддий ташкилий афзаллик беради, қонунчилик ҳокимияти учун узвийлик кўринишини яратади. Қисман янгиланадиган юқори палаталар тарқатиб юборилмаслиги керак. Юқори палата депутатлигига номзодларга қоидага кўра анча қатъийроқ талаблар қўйилади (юқорироқ ёш цензи ва бошқалар). Замонавий парламентларнинг кўпчилигида юқори палатанинг ҳуқуқлари қуйи палата ҳуқуқларига нисбатан чекланган (Мас., кўпчилик мамлакатларда молиявий қонун лойиҳалари фақат қуйи палатага киритилиши мумкин, юқори палаталар уларнинг қабул қилинишига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди). Палаталар тенг ҳуқуқли бўлмаган парламентларда юқори палатанинг қуйи палата маъқуллаган молиявий бўлмаган қонун лойиҳалари муносабатидаги эътирозларидан ўтишнинг маълум тартиблари белгиланади. ЎзРнинг 2002 й. 27 янв.да ўтказилган умумхалқ референдуми қарорларидан келиб чиқиб, ЎзРнинг давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ҳуқуқий мақомини яна такомиллаштирилди. Референдум қарори асосида Иккинчи чақириқ ЎзР Олий Мажлисининг саккизинчи сессиясида қабул қилинган “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конст.вий қонунга мувофиқ ЎзР Олий Мажлиси – икки палатадан – ЎзР Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (қуйи палата)дан ҳамда ЎзР Олий Мажлисининг Сенати (юқори палата)дан иборат.