ИЛМИЙ ХИЗМАТ САФАРИ – ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини ўзи меҳнат қилаётган корхона жойлашган худуддан бошқа маъмурий худудий бирликда бажариши турларидан бири. Илмий хизмат сафари илмий маълумотлар йиғиш, тажриба ва тадқиқотларни жойларга бориб, табиий шароитда амалга ошириш, илмий ва назарий билимлар, тажрибалар, ютуқларни ўзаро айрибошлаш мақсадида ташкил этилади. Илмий хизмат сафарига юборилган илмий ходим қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлардан фойдаланади, унга харажатлар компенсация қилинади. Илмий хизмат сафари тугагач сафарда бўлиб қайтган ходимлар белгиланган тартибда илмий ҳисобот тақдим этадилар. Илмий экспедициялар ҳам илмий хизмат сафарининг бир туридир.