ИМТИЁЗЛИ СОТИБ ОЛИШ ҲУҚУҚИ – имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи умумий мулк ҳуқуқининг улушли шаклида вужудга келиб, унгу кўра мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, ким ошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно. Умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорларга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт. Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан – бир ой давомида, бошқа мол–мулкка нисбатан эса – ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади. Улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда, бошқа мулкдорлар уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақли бўладилар. Улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди. Давлат органи ёки бошқа юридик шахс умумий мулк бўлган уй–жой (хонадон) даги ўз улушини сотган вақтида уйнинг (хонадоннинг) тегишли қисмида ижарага олувчилар сифатида яшаётган шахслар ушбу м. қоидалари асосида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, улар бу ҳуқуқдан воз кечсалар ёки уни амалга оширмасалар – бошқа мулкдорлар бу ҳуқуққа эга бўладилар. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи мазмуни ФКнинг 224–м.да белгилаб қўйилган.