ИММУНИТЕТ (инглизча immunity лотинча immunitasдан – бирор нарсадан озод қилиш) – 1) Конст.вий ҳуқуқда айрим тоифадаги давлат мансабдор шахсларининг имтиёзи бўлиб, уларнинг дахлсизлигини англатади. Дахлсизликнинг парламент, президент ва суд дахлсизлиги турлари бор. Депутатларнинг дахлсизлиги депутатнинг барча хатти–ҳаракатлари, шу жумладан у парламент мажбуриятларини бажармаётган вақтда содир этган хатти–ҳаракатлари учун хибсга олишни ёки суд жавобгарлигига жалб қилишни тақиқланганлигида ифодаланади. Депутат дахлсизликдан фақат депутатлик мандати амалда бўлган муддат мобайнида фойдаланади. Депутат дахлсизликдан ўзи аъзо бўлган палата томонидан маҳрум этилиши мумкин. Дахлсизлик, агар депутат бевосита жиноят устида қўлга олинган ҳолларда ўз–ўзидан бекор қилинади (бу ҳолатда палата фақат депутатни таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилиши мумкин). Дахлсизликдан маҳрум этилган ҳолларда парламент аъзосининг жиноятини баҳолаш палатанинг дахлсизликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилмаган далилларга асослана олмайди. Парламент мандати муддати тугаганидан сўнг депутат олдин содир этган ва ўзининг дахлсизлиги туфайли илгари таъқиб қилинмаган хатти–ҳаракати учун суд жавобгарлигига жалб қилиниши мумкин. Президент дахлсизлиги президент лавозимда бўлган вақтда хибсга олиниши, ушланиши, суд жавобгарлигига жалб этилиши мумкин эмаслигини англатади. Президентнинг дахлсизлиги Конст.да кўрсатилган махсус таомил тартибида лавозимдан четлатилиши б–н олинади (импичмент, вазифасидан бўшатиш ва шу кабилар). Мана шундан сўнг президент одатий тартибда суд жавобгарлигига жалб этилиши мумкин (АҚШ, Бразилия, Венесуэла) ёки унинг таъқиб этилиши умрбод йўқ қилинади (Чехия). Францияда ва айрим бошқа мамлакатларда президент парламентнинг қарори б–н фақат давлатга хиёнат қилинган ҳолда махсус судга берилиши мумкин. Суд дахлсизлиги судьянинг жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши, тегишли ваколатли орган (судьяларнинг квалификация ҳайъати – РФ, Магистратура Олий кенгаши – Италия, Федерал Конст.вий суд – ГФР) розилигисиз ушлаб келтирилиши мумкин эмаслигини англатади. АҚШ ва қатор бошқа мамлакатларда судья фақат импичмент таомили тартибида дахлсизликдан маҳрум этилиши мумкин. ЎзРда “ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги, “ЎзР Президенти фаолиятининг асосий кафолати тўғрисида”ги, ЎзРнинг “Судлар тўғрисида”ги, ЎзРнинг “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларида ЎзР Президенти, депутатлар, сенаторлар, судьялар, прокуратура органлари ходимларининг дахлсизлиги мустаҳкамланган.
2) Хўжалик процессуал ва фуқаролик процессуал қонунчилигида давлатнинг розилигисиз унга мулкий даъво қилиш, мол–мулкига орест солиш ва ижрони қаратишга йўл қўйилмаслиги.