ИНКАССО ТОПШИРИҚНОМАСИ – маблағларни олувчининг банкка тўловчи ҳисобварағидан сўзсиз тартибда маблағларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги топшириқномаси. Инкассо топшириғини олган банк–эмитент уни бажариш учун бошқа банкни (ижрочи банкни) жалб қилишга ҳақли. Инкассо бўйича ҳисоб–китобларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари б–н ва банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатлари б–н бошқарилади. Агар ижрочи банк томонидан ҳисоб–китоб операцияларини амалга ошириш қоидалари бузилганлиги муносабати б–н мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли суратда бажарилмаган бўлса, мижоз олдидаги жавобгарлик ушбу банк зиммасига юклатилиши мумкин. Бирон–бир ҳужжат бўлмаган ёки ҳужжатлар ташқи аломатларига кўра инкассо топшириқномасига мос бўлмаган тақдирда ижро этувчи банк бу ҳақда дарҳол инкассо топшириқномасини берган шахсга хабар қилиши шарт. Мазкур камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, банк топшириқларни бажармасдан ҳужжатларни қайтариб юборишга ҳақли. Ҳужжатлар қандай шаклда олинган бўлса, ўша шаклда тўловчига тақдим этилади, инкассо операциясини расмийлаштириш учун зарур бўлган банк белгилари ва ёзувлари бундан мустасно. Агар ҳужжатлар олиниши б–ноқ улар бўйича пул тўланиши шарт бўлса, ижрочи банк инкассо топшириқномасини олган заҳоти тўловга тақдим этиши шарт. Агар ҳужжатлар бўйича пул бошқа муддатда тўланиши керак бўлса, ижрочи банк тўловчининг акцептини олиш учун ҳужжатларни инкассо топшириқномаси олиниши б–ноқ, дарҳол акцептга тақдим этиши керак, тўлов талаби эса ҳужжатда кўрсатилган тўлов муддати бошланадиган кундан кечиктирмасдан қўйилиши керак. Қисман бажариладиган тўловлар банк қоидаларида белгилаб қўйилган ҳолларда ёки инкассо топшириқномасида махсус рухсат бўлса қабул қилиниши мумкин. Олинган (инкассоланган) суммалар ижрочи банк томонидан дарҳол банк–эмитент тасарруфига топширилиши, у эса бу суммаларни мижознинг ҳисобварағига киритиб қўйиши шарт. Ижрочи банк инкассо қилинган суммадан ўзига тегишли ҳақни ва ҳаражатларни қоплашга кетадиган пулни ушлаб қолишга ҳақли.