ЙЎЛ ҲАРАКАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ – йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ҳуқуқий, ташкилий–техникавий тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи. Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш – қўлланиши стандартлар б–н тартибга солинадиган ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳалари ва схемаларида назарда тутилган бошқаришнинг техник воситаларидан ҳамда уларнинг конструкцияларидан комплекс фойдаланиш асосида амалга оширилади. ЎзРнинг бутун ҳудудида йўл ҳаракатининг ягона тартиби Йўл ҳаракати қоидалари б–н белгиланади. ЎзР йўлларида транспорт воситаларининг ўнг тарафлама қатнови белгиланади.