КАРАНТИН ЎРНАТИШ – юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чора–тадбирлар кўриш мажбурияти юкланган махсус ҳокимликлар томонидан жорий қилинади. Ўсимликлар карантинини ўрнатиш тартиби қуйидагича бўлади. Карантин объекти аниқланган ҳолларда туман (шаҳар) ўсимликлар карантини давлат инспектори тавсиясига биноан маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари билан айрим хўжаликлар, жамоа хўжаликлари, деҳқон (фермер) хўжаликлари, корхоналар, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портлари, қишлоқ ва шаҳарчаларнинг ҳудуди носоғлом деб эълон қилиниб, уларда карантин ёки зарур чеклашлар ўрнатилади. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ўсимликлар карантини бўйича носоғлом деб эълон қилиш ва уларда карантин ёки бошқа чеклашлар ўрнатиш тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторлари тавсияномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори ёки Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тавсияномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Карантин ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг карантин эълон қилинган хўжаликлардан уруғ ва кўчатларни карантин сертификатларисиз карантиндаги зараркунандалардан, ўсимлик касалликларидан ва бегона ўтлардан холи бўлган бошқа хўжаликларга сепиш ва экиш мақсадида олиб чиқиш ман этилади. Карантин ўрнатилган ҳудудлардан карантин сертификатларисиз олиб чиқиб кетилган уруғлар, ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари олиб қўйилади ҳамда техникавий (саноат йўли билан) қайта ишлаш ёки умумий овқатланиш корхоналарида фойдаланиш учун тайёрлов ташкилотларига берилади, зарур ҳолларда эса зарарсизлантирилади, жўнатувчига қайтариб юборилади ёки йўқ қилиб ташланади. Карантин ўрнатилган ҳудуддаги (аҳоли пункти, туман, вилоят) томорқа участкаларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлов ташкилотлари орқалигина олиб чиқиб кетишга йўл қўйилади, зарарланган маҳсулотлар бундан мустасно (улардан қай тарзда ва қандай шартларда фойдаланишни ўсимликлар карантини давлат инспектори карантин қоидаларига мувофиқ белгилайди). Худудда ўрнатилган карантин ёки чеклаш белгиланган карантин тадбирлари ўтказиб бўлинганидан ҳамда карантиндаги зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар ўчоқлари батамом йўқ қилинганидан кейингина ўсимликлар карантини бўйича тегишли бош давлат инспекторларининг тавсияномасига биноан карантин ёки чеклашларни ўрнатган туман, шаҳар, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан ёки Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тавсияномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бекор қилинади.