ҚАРЗ ШАРТНОМАСИ – деганда бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб–бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Бу шартноманинг объекти бўлиб, турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади. Қарз шартномаси жисмоний шахслар орасида энг кам иш ҳаққининг ўн бараваридан кўп бўлган миқдорда оддий ёзма шаклда тузилади. Юридик шахслар орасида миқдоридан қатъий назар ёзма равишда тузилади.