ҚАРОВСИЗ ҲАЙВОНЛАР – муайян шахсларга ёки мулкдорларга (ёки уларни аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолатларда) тегишли бўлмаган уй, адашган ёки бошқа кўлга ўргатилган ҳайвонлар ҳисобланади. Фуқаролик қонунчилигига асосан қаровсиз ёки адашган чорва молларини ёхуд бошқа қаровсиз ўй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни тутиб олган шахс уларни эгасига қайтариши шарт, башарти ҳайвонларнинг эгаси ёки унинг қаердалиги номаълум бўлса, тутиб олган пайтдан бошлаб уч кундан кечиктирмай топилган ҳайвонлар тўғрисида милицияга, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилиши шарт, улар ҳайвонларнинг эгасини қидириш чораларини кўрадилар. Ҳайвонларнинг эгаси қидирилаётган вақтда уларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш учун тутиб олган шахсда қолдирилиши ёхуд зарур шароити бўлган бошқа шахсга сақлаш ва фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиши учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топширишни милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи амалга оширади. Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахс ҳамда бу ҳайвонлар сақлаш ва фойдаланиш учун бериб турилган шахс уларни лозим даражада сақлашлари шарт ва ҳайвонлар нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун айбдор бўлсалар, ҳайвонларнинг нархи доирасида жавобгар бўладилар.