ҚАРОР – бу ижро ҳокимияти органининг ўз вазифаларини амалга ошириш бўйича муайян мақсадга эришишга йўналтирилган ва шу мақсадни амалга ошириш воситалари ва йўлларини назарда тутган бошқарув вазиятини таҳлил этиш ва баҳолашга оид эрки ифодасидир. Қарор ижро ҳокимияти тегишли органи компетенцияси доирасида қабул қилинадиган меъёрий ёки индивидуал (аниқ шахс ёки вазиятга тааллуқли) ҳуқуқий ҳужжат кўринишида юридик расмийлаштирилиши натижасида ҳуқуқий аҳамият касб этади. Бошқарув фаолиятини амалга ошириш жараёнида узоқ муддатли ва муайян соҳа билан боғлиқ фаолият (ишлар)ни истиқболли лойиҳалалаш юзасидан қарорлар, мас., мақсадли дастурий қарорлар, жорий асосий фаолиятни амалга ошириш бўйича тезкор, процессуал, услубий, тавсиявий, индивидуал ва ш.к. қарорлар қабул қилиниши мумкин. Қарорларни қабул қилиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлиши мумкин: қарорни қабул қилишнинг зарурлигини асослантириш; унинг ахборот таъминоти; қарор мазмунини, шу жумладан, кўзланган мақсадга эришиш учун зарур чора–тадбирлар ва ҳаракатлар рўйхатини шакллантириш; талаб қилинадиган ресурслар (маблағ ва воситалар) турларив аҳажмини асослаш; қарорни амалга ошириш муддатлари ва ижрочиларнинг аниқ манзилларини белгилаш; қарор қабул қилинишида манфаатдор тарафларни ва улар билан қарор мазмуни юзасидан келишиш шаклларини ўрнатиш; зарур ҳолларда тегишли идоралар ва мутахассислар билан маслаҳатлар ташкил этиш; қарор лойиҳасини тайёрлаш, муҳоама қилиш ва унинг самарадорлигини дастлабки баҳолаш; қарорни ифода этувчи ҳужжатнинг юридик шаклини аниқлаш. Қарорни тайёрлаш ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини расмийлаштириш ва тегишли тартибда қабул қилиниши билан якунланади.