ҚИЛМИШ ЁКИ ШАХС ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИЛИГИНИ ЙЎҚОТГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИШ – ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли жиноят содир этган шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топилса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Биринчи ҳолда содир этилаётган вақтда ижтимоий хавфли бўлган қилмишнинг ўзи кейинчалик бу хусусиятини йўқотади. Иккинчи ҳолда эса ижтимоий хавфли қилмишга йўл қўйган шахс эндиликда жамият учун ҳеч қандай ижтимоий хавф туғдирмайди. Ҳар иккала ҳолда ҳам ижтимоий хавфлилик тавсифи шарт–шароит ўзгариши натижасида йўқотилади. Жиноят содир этган шахс суриштирув ёки ишни судда кўриб чиқиш вақтига келиб у содир этган қилмиш шарт–шароит ўзгариши оқибатида ижтимоий хавфли тавсифини йўқотганлиги эътироф этилса, жавобгарликдан озод этилиши мумкинлигини кўзда тутади. Содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфли тавсифини йўқотишига оид шарт–шароитнинг ўзгариши тушунчаси бутун мамлакат ёки муайян минтақа миқёсида жамият ҳаёт фаолиятининг ижтимоий, иқтисодий в сиёсий жабҳаларида туб ўзгаришларини англатади. Шарт–шароит ўзгариши кенг кўламли бўлиб, биргина муайян қилмишнинг эмас, балки шу турдаги барча қилмишлар ижтимоий хавфини йўқотишига олиб келиши шарт. Мас., мамлакат ёки муайян минтақада фавқулодда вазият бекор қилинганидан сўнг фавқулодда ё ҳарбий вазиятда жиноий деб топилган барча қилмишлар ўз ижтимоий хавфлилик тавсифини йўқотади. Шарт–шароит ўзгариши деганда унга жиноий тус берадиган қилмишни содир этишнинг жойи ва вақтига оид алоҳида шарт–шароитнинг ўзгаришини ҳам тушуниш мумкин. Мас., таъқиқланган жойларда (қўриқхона, заказник ҳудудида) балиқ тутиш, ҳайвон овлаш ижтимоий хавфли ҳисобланиб, ЖК 202-моддасида кўзда тутилган жиноят таркибига эга. Бироқ балиқ миқдорининг кўпайиб кетиши ёки емиш танқислиги шароитида муайян жониворларнинг қирилиб кетиш хавфи пайдо бўлиши туфайли бундай жойларда балиқ тутиш ва ов қилиш расмий равишда рухсат этилган бўлса, ушбу рухсатдан сўнг бу қилмишлар ўз ижтимоий хавфлилик тавсифини йўқотади. Шу билан бирга шуни ҳам унутмаслик керакки, агар жиноят содир этилганидан сўнг жиноятчиликка оид қонун енгиллаштирлган ёки умуман бекор қилинган бўлса, у ҳолда айбдор шахс ЖК 65-моддасига биноан шарт–шароит ўзгариши оқибатида эмас, балки ЖК 13-моддаси 2–қисмининг тескари кучига мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод этилади.