ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИНГ ҲОСИЛАЛАРИ – даромади (зарари) бир ёки бир неча бозор кўрсаткичлари (индекслари) мазмунига боғлиқ бўлган қимматли қоғозлар. Амалда энг кўп учрайдиган қимматли қоғозлар турлари ва уларни тартибга солиш қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади. Қимматли қоғозларнинг ҳосилалари опционлар, фьючерслар ва бошқа молиявий воситалар тарзида чиқарилиши мумкин. Опцион – шартнома бўлиб, унинг эгасига қимматли қоғозларни ёки товарларни битимда қайд этилган нархда белгиланган муддатда харид қилиш ҳуқуқини беради. Фьючерс – қимматли қоғоз (шартнома) бўлиб, муайян қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий воситаларни ёки товарларни шартномаларда белгилаб қўйилган нархда белгиланган келгуси санада харид қилиш ёки сотишдан иборат сўзсиз мажбуриятини тасдиқлайди. Қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш ва уларни муомалада юритиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари давлат комиссияси белгилайди.