КОММАНДИТ ШИРКАТ – ширкат номидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳамда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзларининг бутун мол–мулклари билан жавоб берадиган иштирокчилар (тўлиқ шериклари) билан бир қаторда ширкат фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладилар ҳамда ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қатнашмайдиган бир ёки бир неча иштирокчи (ҳисса қўшувчи, коммандитчи) мавжуд бўлса, бундай ширкат коммандит ширкат ҳисобланади. Коммандит ширкатда қатнашаётган тўлиқ шерикларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг ширкат мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги ЎзР ФКнинг қоидалари билан белгиланади. Шахс фақат битта коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўлиши мумкин. Тўлиқ ширкат иштирокчиси коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўла олмайди. Коммандит ширкатдаги тўлиқ шерик ўша ширкатнинг ўзида ҳисса қўшувчи ва бошқа тўлиқ ширкатда иштирокчи бўлиши мумкин эмас. Коммандит ширкатнинг фирма номи барча тўлиқ шерикларнинг номлари (номланиши)ни, шунингдек «коммандит ширкат» деган сўзларни ёки камида битта тўлиқ шерикнинг «ва компания» деган сўзлар қўшилган номи (номланиши)ни, шунингдек «коммандит ширкат» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Агар коммандит ширкатнинг фирма номига ҳисса қўшувчининг номи киритилган бўлса, бундай ҳисса қўшувчи тўлиқ шерикка айланади. Коммандит ширкатларнинг ҳуқуқий мақоми ФКнинг 61-моддаси ва Хўжалик ширкатлари тўғрисидаги қонунларга мувофиқ тартибга солинади.