КОНКУРС ИШЛАБ ЧИҚАРИШ – қарзни тўлашга қурби етмайдиган корхонани мажбурий ёки ихтиёрий тарзда тугатишга қаратилган тартиб. Унинг натижасида конкурс массасини кредиторлар ўртасида тақсимлаш амалга оширилади. Хўжалик суди қарздорни қарзни тўлай олмайдиган (банкрот) деб эълон қилиб, уни мажбурий тарзда тугатиш ва конкурс ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарздор банкрот деб эълон қилинган ва конкурс ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қарздорнинг мулкини бериш ёки бошқа субъект ихтиёрига топшириш тақиқланади (кредитор йиғилишида берилиши рухсат этилган мулк бундан мустасно); унинг қарзларини тўлаш тақиқланади; қарздорнинг барча қарз мажбуриятларини бажариш муддати бошланган ҳисобланади; қарздор корхонанинг барча қарзлари бўйича пеня ва фоизларини ўтказиш тўхтатилади. Шу вақтдан эътиборан қарздорга нисбатан ҳар қандай мулкий даъволар конкурс ишлаб чиқариш доирасида тақдим қилиниши мумкин.