Yangi hujjatlar

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ – ҳокимиятлар бўлиниши назариясига мувофиқ, давлатнинг ўзаро мувозанатлаштирилган ҳокимият шахобчаларидан бири бўлиб, давлат олий вакиллик органи томонидан қонунлар қабул қилиш ваколатининг рўёбга чиқарилишидир. У олий юридик кучга эга бўлган норматив–ҳуқуқий актлар – қонунлар чиқариш бўйича ваколатлар йиғиндисини мужассамлаштиради ҳамда ушбу ваколатларни амалга оширувчи давлат органлари тизими сифатида намоён бўлади. Қонун чиқариш – давлатнинг ўта муҳим функцияларидан бири бўлиб, у сайлаб қўйиладиган олий вакиллик муассасаси томонидан амалга оширилади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг асосий вазифаси халқнинг (жамиятнинг) иродасини қонун шаклида ифода этишдир. Қ.ч.ҳ. – бу Конст.да мустаҳкамланган олий давлат вакиллик идорасининг қонунлар қабул қилиш, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш бўйича алоҳида ваколатлари ҳисобланади. Демократик давлатларда қонун чиқарувчи ҳокимият нафақат махсус қонунчилик органлари (парламент, миллий қонунчилик ассамблеяси) томонидан, балки бевосита сайланадиган корпус (сиёсий муомалага лаёқатли фуқаролар) томонидан референдум йўли билан, айрим ҳолларда эса ижроия ҳокимияти органлари томонидан – вакил юбориш тартибида ҳам амалга оширилиши мумкин. Ҳозирги даврда айрим давлатларнинг Конст.си қонун чиқариш ваколати монархга ва парламентга (ёки парламентнинг палатасига) тааллуқлилиги тўғрисидаги қоидаларни ўзида мужассамлаштиради. Мутлақ монархия давлатларида (мас., Бруней, Саудия Арабистони) қонун чиқарувчи ҳокимият мутлақ монархга тегишлидир. Баъзан айрим масалалар бўйича қонун чиқариш ваколатини Президент ёки Ҳукуматга бериш (делегирование) назарда тутилади. Халқаро миқёсда қонун чиқарувчи орган парламент деб юритилади. «Парламент» ибораси французча «parler» – «гапирмоқ» сўзидан олинган бўлиб, фикр билдириш, муҳокама юритиш деган маънони англатади. Инглиз тилида «Парламент» ва «Қонун чиқарувчи мажлис» иборалари айнан бир маънода ишлатилади. Парламент кенгашиладиган, маслаҳатлашиладиган, масалалар баҳс–мунозара ҳамда музокара йўли билан муҳокама этиладиган муассасадир. Парламент, одатда, сайлаб қўйиладиган халқ (турли сиёсий партиялар, ижтимоий кучлар) вакилларидан иборат тарзда таркиб топади. Бу ерда турли ижтимоий манфаатлар тўқнашади. Шу боис парламентда мунозара ва тортишув йўли билан фикрлар чархланади ҳамда умумий келишув (консенсус) асосида қарор қабул қилинади. Парламент давлатнинг умуммиллий вакиллик муассасаси бўлиб, аввало қонун чиқариш функциясини бажаради. Ўзбекистон Республикаси Конст.сига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикасида Парламент ваколат муддати беш йил бўлган икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат (76–м.).

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига