ҚОНУНИЙЛИК – бу жамиятдаги барча ҳуқуқ субъектлари томонидан қонун ва қонун ости ҳужжатларига тўла риоя қилинишидир. Қонунийликнинг принциплари: қонунийликнинг бирлиги – мамлакат ҳудудида қонун ва қонун ости ҳужжатлари бир хилда тушунилиши ва қўлланилиши; Конст. ва қонунларнинг устунлиги – барча норматив ва индивидуал ҳуқуқий ҳужжатлар Конст. ва қонунлар асосида қабул қилиниши ва уларга зид келмаслиги; инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг, бурчларининг кафолатланганлиги –қонунийлик кафолат вазифасини ўтайди; қонунийликни маданият билан боғлиқлиги – жамият аъзолари юқори даражада маданиятли, жумладан ҳуқуқий маданиятли бўлганларидагина қонунийликка эришиш мумкин; қонунийликни мақсадга мувофиқлиги – қонун ва қонун ости ҳужжатлари давлат ва жамият манфаат ва мақсадларига мос келиши. Бунда мақсадга мувофиқлилик билан қонунийлик ўртасида зиддият келиб чиқмаслиги зарур. Қонун ва қонун ости ҳужжатларга тўла риоя этишни таъминловчи восита ва шароитларга қонунийликнинг кафолатлари дейилади. Қонунийликнинг қуйидаги кафолатлари мавжуд: ижтимоий–иқтисодий – жамиятнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, турли хил шаклдаги мулкчилик, жамиятдаги иқтисодий эркинликлар; сиёсий – сиёсий хурфикрлик, кўппартиявийлик, давлат тузумининг демократик тамойилларга мослиги; ташкилий – қонун ва қонун ости ҳужжатларини татбиқ этиш ва уларни назоратини таъминловчи самарали механизмнинг мавжудлиги; мафкуравий – аҳолининг ҳуқуқий онги даражаси, аҳлоқий тарбияси; махсус юридик –қонунийликнинг таъминланиши учун амалдаги қонунчиликда мавжуд усул ва воситалар. Жамиятда қонунийлик амалда бўлган ҳолдагина ҳуқуқий тартибот ўрнатилади.