ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСИ – белгиланган тартибга мувофиқ, (ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан) қонунчилик муассасасига қонун лойиҳасини расмий киритиш. Қ.т.– қонунчилик жараёнининг биринчи босқичи ҳисобланади. У тегишли қонунчилик органига қонун лойиҳасини ўзининг йиғилишида кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш мажбуриятини юклайди. Қ.т.шундай бир ҳаракатлар йиғиндисидирки, бунинг натижасида қонун чиқарувчи органга қонун лойиҳаси ёки қонунчилик таклифи киритилади ва парламент янги қонун чиқариш, амалдагисини ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун қабул қилади. Бошқача айтганда, Қ.т.қонун лойиҳаси ёки қонунчилик характеридаги таклифни киритиш билан боғлиқ фаолиятдир. ЎзРда – Конст.га мувофиқ қонунчилик ташаббусининг субъектлари – ЎзР Президенти, ЎзР Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, ЎзР Вазирлар Маҳкамаси, ЎзР Конст.вий суди, ЎзР Олий суди, ЎзР Олий хўжалик суди, ЎзР Бош прокурори бўлиб, улар бу ҳуқуқни қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширадилар (ЎзР Конст.си 83–м.).