ҚОНУНЧИЛИК ТИЗИМИ – 1) бу ҳуқуқий нормаларнинг ифодаланиш шаклини ўзида акс эттирган ҳуқуқ манбаларининг мажмуидир; 2) ҳуқуқ манбаларининг тузилишини, яъни норматив–ҳуқуқий актлар тизимини ифодаловчи ҳуқуқнинг ташқи шакли – кўринишидир. Қ.т. қуйидаги қонунчилик тузимлаларини (умумлашмаларини) ўз ичига олади: Биринчиси бу қонунчилик соҳалари бўлиб, муайян ҳуқуқ соҳасининг предмети ҳисобланган ижтимоий муносабатларнинг айнан муайян турини тартибга солувчи нормалар тушунилади (мас., ер, оила, жиноят қонунчилиги ва шу к.). Иккинчиси бу қонунчилик соҳаси ичидаги йирик тузимла бўлиб, соҳавий ижтимоий муносабатларнинг муайян турларини тартибга солувчи ҳуқуқ институтини ифодалайди (мас., фуқаролик қонунчилиги соҳасининг таркибига кирувчи муаллифлик, мерос, ҳадя, олди–сотди, ижара институтлари). Учинчиси бу мазмунига кўра ижтимоий ҳаётнинг нисбатан мустақил соҳаларини ташкил этувчи турли ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, бир неча ҳуқуҳ соҳаларига оид ҳуқуқ нормаларини ўз ичига олувчи қонунчиликнинг комплекс соҳалари (мас., транспорт, ҳарбий, темир йўл муносабатларига оид қонунчилик). Мас., қонунчиликнинг комплекс соҳаси сифатида ҳарбий қонунчилик қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини, ҳарбий хизматни ўташ тартибини, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оилалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва қўриқлаш билан боғлиқ бўлган давлат, маъмурий, ер, молия, жиноят ва бошқа ҳуқуқ соҳаларига тегишли нормаларни ўз ичига олади. Қонунчилик тизими билан ҳуқуқ тизими бир–бирига яқин тушунчалар бўлсада, ушбу ўхшашлик нисбий характерга эгадир, чунки уларнинг ўртасида бир қатор жиддий фарқлар мавжуд. Биринчидан, қонунчилик тизими билан ҳуқуқ тизими ҳар доим ҳам бир–бирига мос келавермайди. Баъзи ҳолларда муайян ижтимоий муносабатлар тизимини қамраб олувчи ҳуқуқ соҳаси мавжуд бўлсада, қонунчилик соҳаси ҳали яратилмаган бўлади (мас., молия ҳуқуқи, экология ҳуқуқи, қишлоқ хўжалик ҳуқуқи ва шу к.) Бундай ҳуқуқ соҳаларини тартибга солувчи нормалар турли ҳуқуқий актларда ўз аксини топган бўлиб, уларни қонунчилик тизими ҳолига келтириш лозим бўлади. Яна шундай ҳолат ҳам бўладики, ҳуқуқ соҳаси бўлмагани ҳолда қонунчилик соҳаси мавжуд бўлади (мас., божхона кодекси, солиқ кодекси, ҳаво кодекси ва шу к.). Шу билан бир вақтда, ҳам ҳуқуқ соҳаси, ҳам қонунчилик соҳаси бир–бирига мос келади (мас., жиноят, фуқаролик, меҳнат, маъмурий ҳуқуқ ва қонунчилик соҳалари). Иккинчидан, қонунчилик тизими ўзининг ҳажми жиҳатидан ҳуқуқ тизимидан кенгроқ бўлади. Яъни, қонунчилик тизими мазмун–моҳиятига кўра бирон–бир ҳуқуқ соҳасига кирмайдиган қоидаларни ҳам ўз ичига қамраб олган бўлиши мумкин (норматив актнинг чиқарилиш мотиви ва мақсадини ўз ичига олган турли дастурлар, кўрсатмалар ва ҳ.к.). Учинчидан, ҳуқуқ тизимини тармоқларга ва институтларга бўлиш асосида ҳуқуқий тартибга солишнинг предмети ва ҳуқуқий тартибга солиш усули ётади. Қонунчилик тизимида эса, ижтимоий ҳаётнинг муайян соҳаларини тартибга солиш асносида фақат ҳуқуқий тартибга солиш предметигина эътироф этилади ва ягона усул мавжуд бўлмайди. Тўртинчидан, ҳуқуқ тизимининг ички тузилиши (ҳуқуқ нормаси, ҳуқуқ институти, ҳуқуқ тармоғи) қонунчилик тизимининг ички тузилиши билан мос келмайди. Қонунчилик тизимининг вертикал тузилиши норматив–ҳуқуқий актнинг юридик кучи ва уни чиқарган органнинг ваколатидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда қонунчилик тизими муайян мамлакатнинг миллий–давлат тузилишини акс эттиради. Мас., Ўз.Р қонунчилик тизими республика қонунчилиги ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилигини ўз ичига олади, Россия Федерацияси қонунчилик тизими федерал ва федерация субъектларининг қонунчилигидан иборат. Ҳуқуқ тизимининг бошланғич элементи ҳ.н.бўлса, қ.т.нинг бошланғич элементини қонуннинг моддаси, бошқа норматив–ҳуқуқий актнинг моддаси, бўлим ва бандлари ташкил этади. Бешинчидан, ҳуқуқ тизими ҳар доим объектив тусда мавжуд бўлса, қонунчилик тизими аксарият ҳолларда қонун чиқарувчи идоранинг субъектив иродаси ифодасини акс эттиради. Ҳуқуқ тизимининг объективлиги шунда намоён бўладики, бунда кишиларнинг хулқ–атворида юз бераётган ижтимоий муносабатларнинг турли кўриниши ва томонлари табиий равишда майдонга чиқади.