ҚОНУНЧИЛИКНИ ТИЗИМЛАШТИРИШ – норматив–ҳуқуқий актларни тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган фаолият бўлиб, уларни белгиланган ва ўзаро ички боғланган тизим ҳолига келтиришни англатади. Қ.т. қонуний тартибга солишни такомиллаштириш, қонунчиликни эскирган актлар ва ўзаро қарама–қарши нормалардан халос қилиш, норматив ҳужжатлардан фойдаланишни енгиллаштириш ва соддалаштириш, жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий тарбияси даражасини оширишда катта аҳамиятга эга. Қ.т.нинг мақсади ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш, бир тизимга келтириш, уларни фойдаланиш учун қулай қилиб (муайян бўлим, рукнлар асосида таснифлаб) жойлаштиришдан иборат. Қ.т. анъанавий икки шаклда амалга оширилади – қонунчиликни кодификация қилиш (кодекслаштириш) ва и қилиш (қаранг: кодификация ва и). Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторини тасдиқлаш тўғрисида» ги 454–сонли қарори билан ҳуқуқий ахборотнинг эталон маълумотлар банкини ташкил этишни унификациялашни акс эттирган умумҳуқуқий классификатор тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора–тадбирлари тўғрисида» ги 304–сонли қарори билан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив–ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва амалдаги қонун ҳужжатларини босқичма–босқич туркумлашни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Қонунлар мажмуасини нашр этишни ташкил қилиш билан боғлиқ комиссия таркиби тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида»ги 370–сонли қарорига асосан Адлия вазирлигига норматив–ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда қонунчиликни системалаштириш, норматив ҳужжатлар банкини шакллантириш вазифаси юклатилган.