КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФ – криминология мавзулари ва улар билан боғлиқ бўлган воқеа, ҳодиса, жараёнлар ҳақидаги криминологик билимлар мажмуи. Криминологик билимларга ва тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда жиноятчиликнинг, унинг алоҳида турларининг, жиноятчиликни тақозо этувчи ва таъминловчи омилларнинг, жиноятчи шахсининг, тоифаларининг К.т. берилади. К.т. элементларига қуйидаги маълумотлар киради: а) жиноятчиликнинг аҳволи, йўналиши, даражаси, тузилиши, географияси, оқибатлари, латентлик даражаси; б) жиноятчи шахсининг ўзига хос ижтимоий–демографик белгилари, ақлий етуклик даражаси, маънавий хислатлари ва қадриятлари, руҳий жараёни ва хислатлари, жиноий–ҳуқуқий белгилари, биофизиологик хусусиятлари; в) жиноят қурбонларининг ўзига хос маънавий–руҳий хусусиятлари; г) криминоген омилларнинг аҳволи, даражаси, географияси ва таъсир қилиш механизми; д) антикриминоген омиллар аҳволи, даражаси, географияси ва таъсир қилиш механизми. К.т. га асосан жиноятчиликнинг, унинг алоҳида турларининг ва муайян жиноятларнинг олдини олиш чоралари ишлаб чиқилади.