КРИМИНОПЕНОЛОГИЯ – лотинча «crimin» жиноят ва «poena» жазо + «loqos» таълимот деган маънони билдирувчи сўзларининг бирикмасидан иборат бўлиб, жазо ўташ жараёнида содир этиладиган жиноятлар, унинг сабаб ва шароитлари, ушбу жиноятларни содир этганлар шахслар ва уларнинг олдини олиш ҳақидаги билимлар йиғиндиси. К. криминологиянинг алоҳида янги йўналишларидан биридир. К. жиноятга оид жазони ўташ жараёнида содир этиладиган жиноятларни қуйидаги гуруҳларга ажратади: 1)жазони ўташдан бўйин товлаш билан боғлик жиноятлар; 2)зўравонлик жиноий қилмишлар; 3)ғаразли жиноий қилмишлар; 4)жазони ижро этиш муассасаси ва ходимлари фаолиятига жиноий қаршилик кўратиш; 5)оммавий жиноий қилмишлар; 6)маҳкумларнинг жинсий ҳиссиётининг кучайиши билан боғлиқ жиноий қилмишлар; 7)гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноий қилмишлар; 8)жазони ижро этишни таъминловчи ходимларнинг жиноий қилмишлари. К. озодликдан маҳрум этиш жазосини ижро этиш жойларида содир этиладиган жиноятларнинг махсус сабаб ва шароитлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда уларнинг олдини олишнинг ўзига хос чораларини амалга ошириш ҳақидаги илмий хулосаларни, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.