КУЗАТУВ – банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилган санадан эътиборан жорий этиладиган банкротликнинг бир таомили бўлиб, Банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда хўжалик судининг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув жорий этилганлиги кўрсатилади. Кузатув жорий этилган пайтдан эътиборан: мулкий ундирувлар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш тўхтатиб турилади, иш ҳақи бўйича, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақларни, алиментларни тўлаш бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги, шунингдек ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган пайтга қадар қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ижро этиш бундан мустасно. Хўжалик судининг аризани иш юритишга қабул қилиш ва банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими ижро ҳужжатларини ижро этишни тўхтатиб туриш учун асос бўлади; қарздор юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) унинг таркибидан муассислари (иштирокчилари) чиқиб кетиши муносабати билан қарздорнинг мол–мулкидан улушни (пайни) ажратиш ҳақидаги талабларини қондириш тақиқланади; эмиссия қимматли қоғозлари бўйича дивидендлар ва бошқа тўловларни тўлаш тақиқланади; муқобил бир хилдаги талабни ҳисобга олиш йўли билан қарздорнинг пул мажбуриятларини тугатишга, башарти бунда “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 134 ва 169-моддаларида назарда тутилган кредиторларнинг талабларини қондириш навбати бузилса, йўл қўйилмайди. Кузатув жараёнида қарздор, қарздор муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол–мулкининг эгаси, шунингдек учинчи шахс (шахслар) суд санациясини жорий этиш ҳақида хўжалик судига мурожаат қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторларнинг биринчи йиғилишига ёхуд суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан бевосита хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақли.