ҚЎРИҚХОНА – ноёб ва типик (шу ерга хос) табиий комплекс. Унда ўсимлик ва ҳайвонлар генофондини сақлаб қолиш ва ўрганиш, табиатдаги жараёнлар ва ҳодисаларнинг экологик мониторингини олиб бориш мақсадида қўриқхоналар хўжалик оборотидан чиқарилади ва уларда табиатни муҳофаза қилишга қаратилган илмий текшириш муассасаси бўлган алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми ўрнатилади. 2004 йил 3 декабрдаги қабул қилинган «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, қўриқхонада: табиат мажмуини табиий ҳолатда асраш; илмий тадқиқотлар ўтказиш ва экологик таълимни тарғиб қилиш; давлат экологик экспертизасининг эталони сифатида улардан фойдаланиш. Уларда ҳар қандай хўжалик ва бошқа турдаги инсон фаолияти таъқиқланади. Ўзбекистон Республикасида қўриқхоналар давлат мулки ва унинг муҳофазасидадир. Шунинг учун ҳам улар «Давлат қўриқхонаси» деб номланадилар. Уларнинг умумий майдони 2164 км2 ёки алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ерларининг 10 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Давлат қўриқхонасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кўпайтириш ёки жойлаштиришга рухсат этилмайди. Унда фақатгина ёнғинга қарши кураш тадбирларини ўтказишга рухсат берилади.
Қўриқхона режими (ҳолати) – қўриқланадиган ҳудуд ва акваториялардаги фаолият тартиби. Мутлақ қўриқланувчи (инсоннинг ҳар қандай фаолиятини ман қилувчи) ва нисбатан қўриқланувчи (мас. ҳайвонларнинг ўт ейиш фаолиятига тақлид қилиб, вақти–вақти билан пичан ўрилиши) тартиблар мавжуд. Қ.р. қўриқланадиган ҳудудларнинг турли шаклларида ҳар хил бўлади. Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунининг 19-моддасида Давлат қўриқхоналарининг режими белгиланган. Унига кўра, давлат қўриқхоналарининг ҳудудида ҳар қандай фаолият тақиқланади, илмий–тадқиқот фаолияти ва атроф табиий муҳит мониторингини юритиш бундан мустасно. Давлат қўриқхоналарида ёнғинга қарши тадбирлар ўтказилишига йўл қўйилади. Давлат қўриқхоналари ҳудудида ҳамда уларнинг қўриқланма зоналарида тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш тақиқланади. Давлат қўриқхоналарининг ёки улар қайси давлат органларининг тасарруфида бўлса, шу давлат органларининг ходими ҳисобланмайдиган фуқароларнинг давлат қўриқхоналари ҳудудида бўлишига уларда ана шу органлар ёки давлат қўриқхонаси маъмурияти берган рухсатнома бўлган тақдирда йўл қўйилади.