Yangi hujjatlar

ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТ

ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТ – қўшимча масъулиятли жамият бу бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этиладиган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорлардаги улушларга бўлинган ва унинг иштирокчилари жамият мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол–мулклари билан бир хил бўлган ва қўшган ҳиссалари қийматига нисбатан жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланадиган каррали миқдорда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладиган хўжалик жамияти тушунилади. Бундай жамиятнинг иштирокчиларидан бири банкрот бўлиб қолганида унинг қўшимча масъулиятли жамият мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида жавобгарликни тақсимлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, бошқа иштирокчилар ўртасида уларнинг қўшган ҳиссаларига мутаносиб равишда тақсимланади. Қўшимча масъулиятли жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади. Жамият ваколатхоналар ва филиаллар тузишга ҳақлидир. Жамият ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгисига ва бошқа ўз белги–аломатларига эга бўлишга ҳақлидир. Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол–мулк билан жавобгар бўлади. Жамият ўз иштирокчиларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Жамият давлат тилидаги ва бир вақтда жамиятнинг ихтиёрига биноан бошқа тиллардаги тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақлидир. Қўшимча масъулиятли жамиятнинг тўлиқ фирма номи жамиятнинг тўлиқ номини ва «қўшимча масъулиятли жамият» деган сўзларни қўшилган бўлади. Жамиятнинг жойлашган манзили унинг давлат рўйхатидан ўтказилган жойига қараб белгиланади. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларида унинг бошқарув органлари доимий жойлашган ер ёки унинг асосий фаолияти юритиладиган жой жамиятнинг жойлашган манзили деб белгиланиши мумкин. Юридик ва жисмоний шахслар жамиятнинг иштирокчилари бўладилар. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, жамиятнинг иштирокчилари бўлишга ҳақли эмаслар. Жамият иштирокчиларининг сони эллик кишидан ошмаслиги лозим. Агар жамият иштирокчиларининг сони белгиланган меъёрдан ошиб кетса, жамият бир йил ичида очиқ акциядорлик жамияти ёки ишлаб чиқариш кооперативи этиб қайта тузилиши керақ Агар кўрсатилган муддат давомида жамият қайта тузилмаса ва жамият иштирокчиларининг сони белгиланган меъёрга қадар камаймаса, у юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг талабига биноан суд тартибида тугатилади.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига