Yangi hujjatlar

Меҳнат таътилини кўчириш мумкинми?

Савол: Мен август ойида меҳнаттаътилига чиқишим керак. Лекин баъзи сабабларга кўра, ушбу таътил муддатини бошқа вақтга кўчирмоқчиман. Шуни қилишим мумкинми ва қандай асосларга кўра меҳнат таътили бошқа вақтга кўчирилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 145-моддасида “Таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш” асослари баён этилган бўлиб, унга кўра ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:
1)    вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
2)    ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;
3)    йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
4)    давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.
Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.
Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (11)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (2)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига