Савол: Мен яқинда оилавий шароитим туфайли ўзим ишлаб турган ташкилотдан ишдан бўшадим. Аммо ушбу ташкилот менга икки ой қолиб кетган маошимни бермади. Бу қонунга зид эмасми?
Жавоб: Ташкилот маъмуриятининг қилган хатти-ҳаракати қонунга зид. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари берилган бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлаш ушбу Кодекснинг 110-моддасига мувофиқ равишда амалга оширилади.
Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.