Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 31 октябрдаги ПҚ-213-сон қарори ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сон қарорига асосан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда айрим имтиёзларга эга. Мазкур мақолада шундай имтиёзга эга бўлган абитуриентлар учун тегишли маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.
Барча саволларга жавоблар Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосланган ҳолда берилган.
Мазкур мақолада қуйидаги саволларга жавоб олишингиз мумкин:
- Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар қачонгача ҳужжат топширишлари мумкин?
- Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентлар қандай ҳужжатлар топшириши керак?
- Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентларга неча балл қўшиб берилади?
- Тавсиянома неча йилгача ўз кучида бўлади?
- Иккинчи ОТМни танлаш нима дегани?
- Иккинчи ОТМ сифатида қайси ОТМларни танлаш мумкин?
- Иккинчи ОТМ сифатида ҳужжат топширган абитуриент ОТМнинг бошқа факультетини танлаш мумкинми?
- Агар биринчи ОТМга контракт, иккинчи ОТМга бюджет асосида қабул қилинса, унда иккинчи ОТМни танлаш мумкинми?
- Иккинчи ОТМга кириш учун етарли балл тўплаган абитуриентлар нима қилиши керак?
- Биринчи ва иккинчи ОТМга ҳам етарли балл тўплай олмаган абитуриент рўйхатдаги яна бошқа ОТМни танлаши мумкинми?
Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар қачонгача ҳужжат топширишлари мумкин?
Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ва олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриентнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризаси олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 20 июндан 15 июлгача қабул қилинади.
Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентлар қандай ҳужжатлар топшириши керак?
Абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ариза;
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини ёки ўрта таълимни (11-синф негизида) тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
- ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасининг асл нусхаси;
- 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
- паспортнинг нусхаси;
- ҳарбий гувоҳнома нусхаси;
- 3.5 x 4.5 см ўлчамли 6 та рангли фотосурат;
- белгиланган тартибда тасдиқланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун).
Абитуриент томонидан паспорт ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат олий таълим муассасаси қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади.
Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентларга неча балл қўшиб берилади?
Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган барча абитуриентларга республиканинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига киришда тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади. Бу ҳозирги кунда 61,2 баллга тенг.
Тавсиянома неча йилгача ўз кучида бўлади?
Ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб, уч йил мобайнида амал қилади.
Иккинчи ОТМни танлаш нима дегани?
Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентлар аризасида иккита ОТМни кўрсатишади. Биринчиси, ўзлари ҳужжат топшираётган ОТМ. Иккинчиси эса йўналиш бўйича тест синовлари топширадиган фанлар мажмуаси (блоки) ва таълим соҳаси мос бўлган яна бошқа ОТМ.
Бу абитуриент учун нима беради?
Агарда абитуриент ҳужжат топширган ОТМга етарли балл тўплай олмаса, лекин унинг тўплаган балли иккинчи танлаган ОТМга кириш учун етарли бўлса, абитуриент ўша ОТМга қабул қилинади.
Мисол учун:
Абитуриент Тошкент давлат педагогика университетининг “Математика ўқитиш методикаси” йўналишига ҳужжат топширди. У иккинчи ОТМ сифатида Фарғона давлат университетининг “Математика ўқитиш методикаси” йўналишини танлади.
Тест синовларидан сўнг, ТДПУга кириш балли 185 балл бўлди. ФарДУда эса 165 балл. Абитуриент эса, 170 балл тўплаган. Демак, бундай вазиятда абитуриент ҳужжат топширган ТДПУга кира олмайди, аммо танлаган иккинчи ОТМга балли етарли бўлгани учун ФарДУга қабул қилинади.
Иккинчи ОТМ сифатида қайси ОТМларни танлаш мумкин?
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2014 йил 5 июлдаги №260-сонли “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсиясига эга бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишда шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги буйруғига асосан олий таълим муассасаларининг бир таълим соҳасига тегишли таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси (1-илова) ҳамда иккинчи олий таълим муассасаси сифатида белгиланиши мумкин бўлган олий таълим муассасалари (таълим йўналишлари) рўйхати (2-илова) Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда тасдиқланди.
Иккинчи ОТМлар рўйхати билан танишиш
Бир таълим соҳасига тегишли таълим йўналишлари рўйхати ва тест бўйича уларга мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси
Иккинчи олий таълим муассасаси сифатида белгиланиши мумкин бўлган олий таълим муассасалари (таълим йўналишлари) рўйхати
Иккинчи ОТМ сифатида ҳужжат топширган абитуриент ОТМнинг бошқа факультетини танлаш мумкинми?
Ҳа, мумкин. Абитуриент аризада иккинчи олий таълим муассасаси сифатида биринчисини белгилаб, ундаги бошқа таълим йўналишини кўрсатишга ҳақли. Фақат бунда йўналиш бўйича тест синовлари топширадиган фанлар мажмуаси (блоки) ва таълим соҳаси мос бўлиши шарт.
Агар биринчи ОТМга контракт, иккинчи ОТМга бюджет асосида қабул қилинса, унда иккинчи ОТМни танлаш мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Абитуриентнинг тўплаган баллари унинг аризасида кўрсатилган биринчи олий таълим муассасаси бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарлича бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу олий таълим муассасасида эълон қилинади ва унга аризасида кўрсатилган иккинчи олий таълим муассасаси таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этишига рухсат этилмайди.
Иккинчи ОТМга кириш учун етарли балл тўплаган абитуриентлар нима қилиши керак?
Абитуриентлар ўз аризасида кўрсатилган бошқа олий таълим муассасасига Давлат комиссиясининг қарорига биноан ўқишга қабул қилинган ҳолларда уларнинг ҳужжатлари бир олий таълим муассасасидан иккинчи олий таълим муассасасига тақдим этиш учун тилхат билан абитуриентга берилади.
Абитуриент ҳужжатларни тест синовлари эълон қилинган кундан кейин бир ҳафта муддатда олиши ва икки ҳафта муддатда ўқишга қабул қилинган олий таълим муассасасига тақдим этиши шарт.
Узрли сабаблар билан кўрсатилган муддатларда тақдим этилмаган ҳужжатлар олий таълим муассасасининг бўйсунуви бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан истисно тариқасида кўриб чиқилади.
Биринчи ва иккинчи ОТМга ҳам етарли балл тўплай олмаган абитуриент рўйхатдаги яна бошқа ОТМни танлаши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Абитуриент ўз аризасида кўрсатилган иккинчи олий таълим муассасаси таълим йўналиши бўйича ҳам етарлича балл тўплай олмаган тақдирда, унга мазкур ва бошқа олий таълим муассасасидаги бошқа таълим йўналишларида қўшимча равишда танловда иштирок этишга рухсат этилмайди.