Yangi hujjatlar

Магистратурага ҳужжат топширган махсус стипендия соҳиблари умумий квота доирасида қабул қилинадими?

САВОЛ:
Abdurauf: Men bakalavr bosqichini bitirdim, endi magistraturaga topshirmoqchiman. Men hujjat topshirmoqchi bo’lgan OTM magistraturasida vaziyat bunday: 6 ta o’rin bor – 1 ta grant, 5 ta kontrakt. Bizda ikkita nomli davlat stipendiyasi sohiblari ham bor. Qabul komissiyasidagilarning aytishicha, ikkita stipendiantlarning biri grant hisobidan, boshqasi kontrak hisobidan kirar emish. Endi bizga 4 ta o’rin qolyapti. Ba’zilar aytdi, qonun bo’yicha hatto grant o’rni ham saqlanib, stipendiantlarga alohida o’rin ochilishi kerak: 1 grant, 5 kontrakt saqlanishi kerak deb. Ba’zilar ularga grant hisobidan berilishi kerak, 5 ta kontrakt saqlanishi kerak deyishdi. Shunga aniqlik kiritib bera olmaysizmi? Biror qonun bormi bu haqida?

ЖАВОБ:
Саволингизга жавобни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомдан олишингиз мумкин. Мазкур Низомнинг 7-бандида қуйидагича тартиб қоида ўрнатилган:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилинадилар.

Мазкур қоидадан биринчи хулоса:
Махсус стипендия соҳиблари давлат грантига ажратилган ўринлар сонидан қатъи назар давлат гранти асосида қабул қилинади. Яъни Сизнинг мисолингиз бўйича, 1 та давлат гранти учун ажратилган ўринга 2 нафар стипендиат топширган бўлса, иккаласи ҳам давлат гранти асосида қабул қилинади.

Энди бошқа савол: улар квота доирасидами ёки квотадан ташқарими?

Низомда мазкур масалага ойдинлик киритувчи қоида белгиланмаган. Аммо бугунги кунгача амалда бўлган тартибга кўра, махсус стипендия соҳиблари квота доирасида қабул қилинади.

Фақатгина Тошкент давлат юридик университети магистратурасида махсус стипендия соҳиблари квота доирасидан ташқари қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги №206-сонли қарори асосида тасдиқланган “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентлар ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида УМУМИЙ ҚАБУЛ КВОТАСИ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Яъни стипендиатнинг магистратурага давлат гранти асосида қабул қилиниши квотада белгиланган давлат гранти учун жойга таъсир қилмайди. Улар умумий қабул квотаси доирасидан ташқарида қабул қилинади.

Бироқ ТДЮУдан бошқа ОТМларнинг магистратурасига қабул қилиш жараёни бошқа Низомга асосан тартибга солинган. Шу сабабли стипендия соҳиблари квота доирасида олинади.

Хулоса қилиб айтганда, Сиз айтган вазиятда одатда қуйидагича иш тутилади:
Квота сони: жами 6 та.
Давлат гранти: 1 та.
Контракт: 5 та.
Махсус стипендия соҳиблари: 2 нафар.

Демак, 2 нафар стипендиат имтиҳонсиз давлат гранти асосида қабул қилинади.

Шунда ўша йўналишга контракт асосида 4 та ўрин қолади. Ҳужжат топширган абитуриентлар ўша 4 та ўрин учун даъвогарлик қилишади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (9)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига