АБОЛИЦИЯ (инглизча abolition – бекор қилиш). – 1. Дастлабки қабул қилинган қарорни, тузилган шартномани, юридик аҳамиятга молик ҳужжатнинг амал қилишини бекор қилиш маъносини англатади. А.нинг бир неча турлари мавжуд: 1) abolitio generalis sive publica, – жамиятда улкан аҳамиятга молик ҳодиса рўй берганлиги муносабати б-н маҳбусларни жазо ўташидан озод қилиш; 2) abolito ex lege – формал хатога йўл қўйилганлиги сабабли айбланувчи илтимосномасига биноан судья томонидан айбловнинг бекор қилиниши; 3) abolitio privata – жамоат айбловчиси томонидан айбловдан воз кечиш. Сўнгра ҳуқуқшуносликда abolitio specialis (муайян айблов бўйича жиноий судловни тўхтатиш ёки бекор қилиш ва abolitio generalis) амнистия акти қўлланилиши муносабати б-н айбловни бекор қилиш маъносини англатади. Бугунги кунда А. давлат бошлиғи томонидан инъом қилиниб, муайян шахс айблилиги ёки аксинча айбсиз эканлиги ўз тасдиғини топмаган бўлса–да, унинг иши бўйича жиноят ишини юритув бекор қилинади. Аксарият мамлакатларда давлат бошлиғи амнистияни эълон қилишда ифодаланган А. ҳуқуқига эга. А. афв этиш актидан фарқ қилади: афв этишда суд ҳукми бўйича шахс жавобгарликдан озод этилса, А.да шахс айблилиги аниқланмаган ҳолатда, жиноий судлов жараёни тўхтатилади.
- Қонунни, шартномани, қарорни бекор қилиш;
- Муайян мансабни бекор қилиш;
- Ҳақорат қилинган қадр-қимматни, шаънни тиклаш. (муал. – О.Муҳаммаджонов)