АБОНЕНТ (французча abonnement – обуна бўлмоқ). – 1. Энергия таъминоти шартномасида туташтирилган тармоқ орқали энергия қабул қилувчи истеъмолчи. Энергия таъминоти шартномаси бўйича А. қабул қилган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек, шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя қилиш, тасарруфидаги энергия шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланиладиган энергия истеъмол қилувчи асбоб–ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади ҳамда қонун ва шартномада назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади. А. энергия б-н таъминловчи ташкилотдан туташтирилган тармоқ орқали қабул қилиб олган энергияни бошқа шахс (қўшимча А.) га фақат энергия б-н таъминловчи ташкилот розилиги б-н бериши мумкин. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, энергия қўшимча А.га бериш чоғида А. энергия б-н таъминловчи ташкилот олдида жавобгар бўлиб қолаверади.
- Ашёдан текин фойдаланиш шартномасида тарафлардан бири (ФКнинг 617–630-м.), мас. кутубхона хизматида тарафлардан бири. А. текин фойдаланишга олган ашёни қандай олган бўлса, нормал эскиришини ҳисобга олиб, худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади. Агар бундай ашёлар ва ҳужжатлар берилмаган бўлиб, уларсиз ашёдан вазифасига мувофиқ фойдаланиб бўлмаса ёки ундан фойдаланиш А. учун ўз аҳамиятини анча йўқотса, А. бундай ашёлар ва ҳужжатлар берилишини ёки шартнома бекор қилиниб, ўзи кўрган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли. А. текин фойдаланиш учун олинган ашёни соз ҳолатда сақлаши шарт. Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёни фойдаланиш учун олувчи ашёни жорий ва капитал таъмирлаши ва уни сақлаш б-н боғлиқ ҳамма харажатларни тўлаши шарт. А. текин фойдаланиш учун олган ашёни учинчи шахсга фойдаланиш учун фақат ссуда берувчининг розилиги б-н ва унинг олдида масъул бўлиб қолган ҳолда беришга ҳақли.
- Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида тарафлардан бири. (ФКнинг 703–708-м.). Мас., телефон хизматидан фойдаланувчи шахс. А. ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт. (муал. – И.Зокиров)