АДВОКАТ ИЛТИМОСНОМАСИ – суриштирув, дастлабки тергов органи, прокурор ёки судга иш юзасидан ҳимояни ёки вакилликни амалга ошириш жарёнида адвокат (ҳимоячи) томонидан тақдим қилинадиган процессуал ҳужжат. Илтимоснома ёзма ёки оғзаки равишда бўлиши мумкин. Суд иш юритувида А.и. процесс иштирокчиси томонидан процессуал ҳаракатни ўтказиш ёки қарор чиқариш, суд, тергов органи, терговчи, прокурорга мурожаат этиш усули сифатида белгиланган. А.и.расмий ҳужжат бўлиб, қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: мурожаат этилаётган шахс ёки давлат органининг тўлиқ номи, манзили ва нима мақсадда илтимоснома киритилаётганлиги аниқ ва лўнда ифодаланган бўлиши ва мурожаат этаётган шахснинг имзоси б-н тасдиқланиши шарт. А.и. илтимос оҳангида ёзилганлигига қарамасдан, барча давлат органлари ёки мансабдор шахслар, А.и.ни кўриб чиқиш мажбуриятидан озод этилмайди. (муал. – Б.Саломович)