Yangi hujjatlar

АДВОКАТНИНГ КАСБИЙ ҲИМОЯСИ

АДВОКАТНИНГ КАСБИЙ ҲИМОЯСИ – адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади. Унинг касбий фаолиятини амалга ошириш б-н боғлиқ бошқа ҳуқуқларини амалга оширишга бирор тарзда тўсқинлиқ қилиш мумкин эмас. Давлат томонидан адвокатнинг касбий вазифаларини бажариш имконияти, касбий вазифаларини бажариши туфайли ҳаёти ва соғлиғи учун хавф–хатар юзага келганда зарур даражада ҳимоя б-н таъминланади. Адвокатнинг мустақиллиги қонун б-н таъминланади. Адвокат юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича касбий вазифаларини амалга ошираётганида унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатдан ҳамда унинг ёрдамчисидан адвокатлик фаолияти ёки юритувидаги иш юзасидан тушунтириш ёки кўрсатувлар талаб қилиш, шунингдек, тезкор–қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирон бир материални талаб қилиш ман этилади. Адвокат касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашиш ёки нуқтаи назарига таъсир ўтказиш мақсадида таҳдид қилиш, уни ҳақоратлаш, туҳмат қилиш, куч ишлатиш ёхуд унинг соғлиғи ва ҳаётига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Адвокатнинг иш бўйича ҳуқуқий нуқтаи назарига нисбатан суриштирув органи, терговчи тақдимнома киритиши, шунингдек, суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас. Адвокатнинг шахси дахлсиз. Адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй жойига, хизмат хонасига, транспорти ва алоқа воситаларига , унинг хат–хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир. Адвокатга нисбатан жиноят иши ЎзР Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорлари томонидан қўзғатилиши мумкин. Адвокатнинг уй–жойи ёки хизмат хонасига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, шахсий тинтувдан ўтказиш, шунингдек, унинг почта–телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш ёки қамоққа олиш ЎзР Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг рухсати б-н амалга оширилиши мумкин. (муал. – Б.Саломович)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига