Yangi hujjatlar

АФВ ЭТИШ

АФВ ЭТИШ (русча – помилование) – суд ҳукми б-н жазо тайинланган шахс (маҳкум)нинг илтимосномасига биноан унинг гуноҳидан кечиш. Ўзбекистонда афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 й. 17 июлдаги Фармони б-н «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тўғрисида» қабул қилинган Низомнинг 1-м.га кўра, афв этиш ЎзР судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга нисбатан уларнинг ўзлари томонидан афв сўраб берилган илтимосномага биноан ҳал қилинади. Маҳкумларни афв этиш: ўлим жазосини озодликдан маҳрум қилиш б-н алмаштириш; асосий ёки қўшимча жазодан бутунлай ёки қисман озод қилиш; жазони ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо б-н алмаштириш; судланганликни олиб ташлаш кўринишларида бўлиши мумкин. Фақат ҳукм қонуний кучга кирган кундан кейингина афв сўраб мурожаат қилиниши мумкин. Афв этиш масаласи кўрилаётганида содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, маҳкумнинг шахси, унинг хулқи, меҳнатга муносабати, жазони ўташ жойларидаги ташаббускор ташкилотлар фаолиятида иштироки, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, етказилган зарарни ўз ихтиёри б-н қоплаганлиги ва ҳ.к. эътиборга олинади. Ҳар қандай турдаги жиноий жазога ҳукм қилинган шахс афв сўраб мурожаат қилишга ҳақли. Аммо ўта хавфли рецидивистлар, муқаддам шартли равишда жазодан озод қилинган ёки жазонинг қолган қисми енгилроқ жазо тури б-н алмаштирилган шахслар, уларнинг судланганлик муддати ўтмасдан ёки судланганлиги олиб ташланмасдан қасддан жиноят содир этганлар, жазони ўташ вақтида тузалиш йўлига кирмаганлар, ўта оғир жиноят содир этган шахслар фақат алоҳида ҳоллардагина афв этилиши мумкин. Афв сўраб мурожаат қилинган ҳужжатларни дастлабки кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти қошида комиссия тузилади. Унинг таркибига депутатлар, меҳнат ёки жамоат уюшмаларининг раҳбарлари, Адлия вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Республика касаба уюшмалари Федерацияси раиси, маъмурий ҳуқуқий масалалар ва мукофотлаш, фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича маслаҳатчилар кириши мумкин. Комиссия ишида ЎзР Бош прокурори, Олий суд раиси ва Ички ишлар вазири, улар иштирок этолмаган тақдирда, ўринбосарлари қатнашадилар. ЎзРда афв этишни амалга ошириш тўғрисидаги Низомнинг 7-м.га биноан ўлим жазосига ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб етти кун ичида афв сўраб мурожаат қилишлари мумкин, ўлимга ҳукм қилинган шахс афв сўраб мурожаат қилган кунидан бошлаб афв сўраш ҳақидаги ҳужжатлар уч кун ичида Президент девонига юборилиши лозим. Афв сўраш ёки афв сўрашни рад этиш тўғрисидаги ҳужжатлар кўрилгунича ҳукмнинг ижроси тўхтатиб турилади. Маҳкумнинг афв сўраб берган илтимосномаси рад этилган бўлса, оғир ва ўта оғир жиноят учун ҳукм қилинганлар эса олти ойдан кейин яна афв сўраб мурожаат қилиши мумкин. Маҳкум афв этилса, фармон чиқарилади ва ижро этиш учун юборилади. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахс афв этилиб, озодликдан маҳрум қилиш б-н алмаштирилса, афв этиш тўғрисидаги Фармоннинг нусхаси ЎзР Олий суди ва Прокуратурасига юборилади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига