Yangi hujjatlar

АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ

АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ – жиноий жазо тури. Маҳкумни ахлоқан тузатиш – унда қонунга итоаткор хулқ–атворни, инсон, жамият ва меҳнатга, турмуш қоидалари ҳамда анъаналарига ҳурматни шакллантиришдан иборат. А.т.и. иш ҳақининг 10% дан 30% гача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда шахсни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат. А.т.и. фақат асосий жазо сифатида 6 ойдан 3 й.гача, жиноят содир этиш пайтида 18 ёшга тўлмаганларга нисбатан эса бир ойдан бир й.гача муддатга тайинланади. Бу жазо ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир қилган шахсларга нисбатан, уларни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш мумкин бўлган тақдирда тайинланади, пенсия ёшига етган, меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, ҳомиладор ёки ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди (ЖК 46– ва 83-м.). Қонунда А.т.и.нинг икки тури назарда тутилган бўлиб, булар жазони маҳкумнинг ўз иш жойида ўташдан ёки жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойда ўташдан иборат. ЖИКда А.т.и.ни ижро этиш тартиби (26-м.) белгиланган. Маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ҳам ҳукмни ижро этиш борасида қонун б-н тегишли мажбуриятлар юклатилган (28-м.). Жазоларни ижро этиш инспекцияси белгилайдиган жойларда жазони ўташ муддати мобайнида инспекция ёзма рухсатисиз, маҳкум ташаббуси б-н меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади. Жазо муддати узлуксиз бўлгани учун шу муддат давомида маҳкумга меҳнат таътили берилмайди, ишланган муддат умумий ва узлуксиз иш стажига қўшиб ҳисобланмайди. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига