Yangi hujjatlar

АХЛОҚ ТУЗАТИШ КОЛОНИЯЛАРИ

АХЛОҚ ТУЗАТИШ КОЛОНИЯЛАРИ – ахлоқ тузатиш муассасаларининг бир тури. ЖКга биноан вояга етмаган маҳкумлар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш колонияларида ўтайдилар. Улар манзил, махсус тартибли колониялардан иборат. Манзил–колонияларда мазкур муассасага эҳтиётсизлик б-н содир этган жинояти учун суд ҳукмига биноан юборилган, шунингдек, умумий, қаттиқ тартибли ҳамда тарбия колонияларида суднинг ажрими асосида ўтказилган вояга етган маҳкумлар жазони ўтайдилар. Умумий тартибли колонияларда биринчи марта судланган, қасддан унча оғир бўлмаган ва оғир жиноят содир этганлиги учун маҳкум этилганлар; суд томонидан манзил–колонияларида интизомий жазо тарзида ўтказилган маҳкумлар; озодликдан маҳрум қилиш б-н боғлиқ бўлган жазо тури суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси б-н алмаштирилган маҳкумлар, 21 ёшга тўлган, салбий тавсифномага эга маҳкумлар эса 18 ёшга тўлганидан кейин жазо ўташни давом эттириш учун қасддан унча оғир бўлмаган ва оғир жиноят учун ҳукм қилинган шахслар жазони ўтайдилар (ЖК 16-м.). Умумий тартибли колонияларда маҳкумлар умумий турар–жойларда яшайдилар. Улар қонунда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 40 фоизигача бўлган суммага озиқ–овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларини сотиб олиши мумкин. Маҳкумлар й. мобойнида: тўрт марта қисқа муддатли, уч марта узоқ муддатли учрашув: тўрт марта телефон орқали сўзлашув: тўртта посилка ёки йўқлов; тўртта бандерол олиш ҳуқуқига эга (ЖИК 17-м.). Қаттиқ тартибли колонияларда биринчи марта ўта оғир жиноятни содир этганлиги учун судланган; турмалар ва махсус тартибли колониялардан рағбатлантириш тарзида ўтказилган; суд тайинлаган турма қамоғи муддатини ўтаганидан сўнг турмалардан ўтказилган маҳкумлар жазони ўтайдилар. Қаттиқ тартибли колонияларда маҳкумлар умумий турар–жойларда яшайдилар. Махсус тартибли колонияларда ўта хавфли рецидивистлар; ўлим жазоси афв этиш тарзида озодликдан маҳрум қилиш жазоси б-н алмаштирилган шахслар, суд томонидан қаттиқ тартибли колонияларда интизомий жазо тарзида қайтарилган маҳкумлар жазони ўтайдилар. Махсус тартибли колонияларда маҳкумлар камераларда сақланади. Маҳкума аёллар озодликдан маҳрум қилиш жазосини; а) ўта оғир жиноятлар учун ва ўта хавфли рецидивист деб топилганларида қаттиқ тартибли колонияларда; б) бошқа жиноятлар учун жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдилар. Аёлларга нисбатан озодликдан маҳкум қилиш жазосини махсус тартибли колонияларда ўташ ва турма қамоғи қўлланилмайди. (муал. – Қ.Абдурасулова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига