Yangi hujjatlar

АЙБ

АЙБ – шахснинг жиноят қонуни б-н белгиланган ўзининг ижтимоий хавфли қилмиши ва унинг оқибатига нисбатан руҳий ва интеллектуал муносабати. А. жиноят таркиби субъектив томонининг ядросини ташкил қилади, бироқ уни тўлалигича қамраб олмайди. Шу б-н бирга айнан А. субъектив томоннинг зарурий белгисини ифодалаб беради. А. мавжуд бўлмаган тақдирда, жиноят таркиби тўлиқ мавжуд бўлмай, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришга асос бермайди. Ўз навбатида А. икки элемент асосида юзага келади: интеллектуал ва иродавий. Уларнинг аҳамияти айнан шахснинг руҳий соғлиқ ҳолатида ўзи амалга ошираётган обьектив ҳаракатларини, хусусан, ўз ҳаракат ёки ҳаракатсизлигининг ижтимоий аҳамиятини, уларнинг оқибатларини (қилмиш натижасида юзага келган оқибат б-н ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ўртасидаги сабабий боғланишни), эҳтиёткор бўлиш, яъни оқибат юзага келишидан олдин улар ҳақида маълум бир даражада тахмин қила олиш, шунингдек, айрим ҳолатларда ўта юқори диққат эътибор ва руҳий куч талаб қилинаётган тажриба, билим даражага эга бўлиш (интеллектуал ҳолат), мақсадга эришиш, оқибат келиб чиқиши учун ҳаракат қилиш ёки унга нисбатан бефарқ муносабатда бўлиш, у ёки бу оқибатнинг келиб чиқишини истамаслик (иродавий ҳолат), ўз ҳиссиётларини ифода этиш, эмоционал ҳолатларни баҳолай олиш ва уни англашда ифодаланади. А. шахс интеллектуал жиҳатдан ўзи содир этилаётган қилмишининг юридик аҳамиятини англайди ёки бундай имкониятга эга бўлади: тажовуз қилинаётган обьект ва предметнинг хусусиятларини, ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг характерини, зарарли оқибат даражаси ва хусусиятини тушунади. А. иродавий ижтимоий хавфли қилмиш, унинг қасддан жиноят содир этилиш шаклидаги ўрни олдиндан кўзлаб қўйилган мақсадга ёки натижага эришиш учун йўналтиришда ифодаланади, эҳтиётсизлик шаклида эса шахснинг ижтимоий хавфли оқибатни юзага келтиришига унинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги сабаб бўлади. Эҳтиётсизликдаги иродавий элементнинг асосий хусусияти шундаки, бунда шахс юзага келаётган ижтимоий хавфли оқибатни бартараф этиш учун руҳий куч сарфлаб, унинг олдини олиш имкониятига эга бўлса-да, бундай қилмайди.

А. – жавобгарликка тортишнинг зарур шарти. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс қонуний тартибда иши судда ошкора кўриб чиқилиб, аниқланмаганига қадар А.ли эмас, деб ҳисобланади (ЎзР Конс.нинг 26-м.). Жиноят содир этишда А. дор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради. Жиноят содир этишда А.дор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши лозим. Ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (ЖКнинг 8-м.). Маълум ёшга тўлган, ақли расо шахс қонунда белгиланган тартибда А.и исботланган ва ЖК б-н тақиқланган ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)ни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этишда А.ли деб топилиши мумкин. Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англамаган ёки унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган ва иш ҳолатларига кўра кўзи етиши мумкин ва лозим бўлмаган бўлса, бундай қилмиш А.сиз ҳолда содир этилган деб топилади. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш шахснинг жавобгарлигини ва уни А.ли деб топишни истисно қилади. Жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахс, агар тайёргарлик чоғидаги қилмиши бошқа жиноят таркибини ташкил этса, ўша жиноят учун жавобгарликка тортилиши ва А.ли деб топилиши мумкин. ЖПК 2-м. талабига кўра А.и бўлмаган ҳеч бир шахс жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги шарт. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига