АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ – тергов натижасида аниқланган ҳолатлар ва айб мазмуни баён этилган процессуал ҳужжат. Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар б-н таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, А.х. тузади. А.х. тавсиф, асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар, жабрланувчи, шунингдек, айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади. Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни ЖКнинг шу жиноятни назарда тутган моддасида ёки модданинг қисми кўрсатган ҳолда баён қилинади. А.х.да баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи иш саҳифалари кўрсатилиши керак. А.х. қаерда ва қачон тузилганлиги кўрсатилиб, терговчи томонидан имзоланади (ЖПК 379-м.). А.х.га терговчининг фикрича суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати, шунингдек, қўлланилган эҳтиёт чоралари, гумон қилинувчи ва айбланувчи қанча вақт қамоқда сақланганлиги тўғрисидаги, ашёвий далиллар, фуқаровий даъвони ва бирор мулкнинг мусодара қилиниши эҳтимолини таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. Терговчи А.х.ни имзолаганидан кейин жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади (ЖПК 380–381-м.). (муал. – Ғ.Абдумажидов)