АЙБНИНГ ШАКЛЛАРИ – ЖКда назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этган шахс жиноят содир этилишида айбдор деб топилиши мумкин. А.ш. – бу жиноят қонунчилигига асосан жиноят содир этган шахснинг у содир этган қилмишига нисбатан идора этиш ва мазкур ҳаракатларни англай олиш йиғиндиси ҳисобланади. Ўз навбатида қонунчиликка биноан айб икки шаклдан – қасд ва эҳтиётсизлик шаклларидан иборат бўлиб, улар ҳам ўз навбатида бир неча турларга бўлиниб кетади. Қасднинг турларига тўғри қасд ва эгри қасд киради (ЖК 21-м.), эҳтиётсизлик ўз навбатида – ўз–ўзига ишониш ва бепарволик каби турларга бўлинади ( ЖК 22-м.). Айб юридик маънода фақат қонун томонидан берилган шакл ва турларда мавжуд бўлиши мумкин. Ўз навбатида қонун жиноят содир этишда ҳам қасд, ҳам эҳтиётсизлик мавжуд бўлган мураккаб айб шаклини ҳам белгилаб берган. Бунда содир этилган ҳаракатга нисбатан қасд, юзага келган оқибатга нисбатан эҳтиётсизлик бўлиши мумкин. Айбдор ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда айби қасддан ёки эҳтиётсизлик шаклида бўлиши мумкин. Айбнинг жиноят қонунчилигида шаклларга ажратилиши айбдор содир этган ижтимоий хавфли қилмишнинг чегарасини белгилаб беради. (муал. – Ш.Абдуқодиров)