АККРЕДИТИВЛАР БЎЙИЧА ҲИСОБ–КИТОБЛАР – мижознинг (тўловчининг) топшириғига ва унинг кўрсатмасига мувофиқ аккредитив очган банк (банк–эмитент) ўз зиммасига унинг контрагенти маблағ олувчи фойдасига тўловни амалга ошириш мажбуриятини ёки маблағ олувчи томонидан аккредитивда кўзда тутилган ҳужжатларни ва бошқа шартларни бажариш шарти б-н ушбу тўловларни амалга ошириш бўйича ваколатларни бошқа банкка тақдим этишни ўз зиммасига олади. Аккредитивлар қопланган (депонентланган) ёки қопланмаган турларда очилиши мумкин. Қопланган (депонентланган) аккредитивларни очишда эмитент–банк мижознинг шахсий маблағларини ёки унга берилган кредитни эмитент–банкнинг мажбуриятлари амалда бўлган барча муддатга ижрочи банк ихтиёрига ўтказишга мажбурдир. Қопланмаган аккредитивни очишда эмитент–банк ижрочи банкка унда юритилаётган счётидан барча аккредитив суммасини ҳисобдан чиқариш ҳуқуқини беради. Банкларда аккредитивлар кўзда тутилмаган ҳоллар бўйича алоҳида счётларда ҳисобга олинади. Ҳар бир маблағ олувчи учун унга хизмат кўрсатувчи банкда аккредитивлар бўйича алоҳида депозит счётлар очилади. Қопланган ва қопланмаган аккредитивлар чақириб олинадиган ва чақириб олинмайдиган бўлиши мумкин. Унинг матнида ушбу белги бўлмаган ҳолатда аккредитив чақириб олинувчи ҳисобланади. Чақириб олинувчи аккредитив эмитент–банк томонидан маблағ олувчи б-н олдиндан келишиб олинмасдан ҳам ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Аккредитивни чақириб олиш маблағ олувчи олдида эмитент–банк учун қандайдир мажбуриятларни пайдо қилмайди. Тўловчи маблағ олувчига чақириб олинадиган аккредитивнинг шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиниши тўғрисидаги барча фармойишларни фақат эмитент–банк орқали бериши мумкин, ушбу банк эса маблағ олувчининг банкига хабар беради, охиргиси эса маблағ олувчига хабар беради. Ижрочи банк, агар аккредитивни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги хабарнома олинмаган бўлса чақириб олинувчи аккредитив бўйича тўловларни ва бошқа операцияларни амалга оширишга мажбур. Маблағ олувчининг розилигисиз, унинг фойдасига очилган чақириб олинмайдиган аккредитив ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас. Ижрочи банк эмитент–банк б-н тузилган шартнома асосида чақириб олинмайдиган аккредитивни тасдиқлаши мумкин. Бундай ҳолларда чақириб олинмайдиган аккредитив тасдиқланган аккредитив деб ҳисобланади. Тасдиқланган аккредитивларда ижрочи банк ўзига эмитент–банкнинг аккредитивнинг шартларига мувофиқ тўловни амалга ошириш бўйича мажбуриятларига қўшимча мажбуриятларни қабул қилади. Тасдиқланган аккредитив ижрочи банкнинг розилигисиз ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас. (муал. – И.Зокиров)