АЛЕНДИ – абадий, шартномаларга нисбатан муддатсиз маъносида қўланилади. А. тариқасида тузилган шартномалар ҳуқуқнинг турли соҳаларида учрайди. Мисол учун халқаро ҳуқуқда А. тарзида тузилган халқаро ҳужжатлар аксарият ҳолларда умрбод дўстлик ҳақидаги давлат бошлиқларининг баёнотлари, декларацияларда ифодаланади: Жумладан, 1997 й. 10 январда Бишкек шаҳрида тузилган Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ўрталарида тузилган “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Шартноманинг 1-м.да қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон Республикалари бир-бирига яқин ва дўстона давлатлар бўлиб, ўз муносабатларини кенг қамровли ҳамкорлик ва ўзаро ишонч асосида барпо этадилар. МКнинг 75-м.да номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномалари назарда тутилиб, агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Мазкур м.га кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас. (муал. – В.Эргашев)