АЛОҲИДА ФИКР – суд ҳукми, қарори ёки ажримини чиқаришда бошқа судьялар хулосасига қўшилмаган суд аъзосининг ёзма фикри. ЖПК 472-м.га биноан, ҳукм судья томонидан чиқарилган бўлса, уни судьянинг якка ўзи, суд таркиби томонидан чиқарилган бўлса, судьяларнинг ҳаммаси имзолайди. Овоз бериш вақтида озчиликни ташкил қилган судья ҳукмга имзо қўйиб, ўзининг А.ф.ни ёзма равишда баён қилишга ҳақли. Бу фикрни у бевосита маслаҳатхонада ёзиши лозим. А.ф. ишга илова қилинади, лекин суд мажлисида эълон қилиниши мумкин эмас. А.ф. мавжуд бўлган иш апелляция тартибида кўрилмаган ёхуд ҳукм қонуний кучга киргандан кейин иш юқори суд раисига юборилиши лозим, у эса иш б-н танишиб чиқиб, ҳукм устидан назорат тартибида протест бериш-бермаслик масаласини ҳал қилиши керак. (муал. – З.Иноғомжонова)